Фарғона вилоятидаги барча олий ва профессионал таълим муассасаларида 31 октябрь “Миллий қадриятлар куни” сифатида кенг нишонланди.
Шу куни вилоятдаги олий ўқув юртлари талабалари, техникум ва коллежлар, касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари ўртасида “Миллий либос”, “Миллий рақс”, “Миллий таом”, “Миллий спорт” ва “Миллий қўшиқ” номинациялари бўйича танловлар ўтказилди. Байрамона ўтган тадбирлар якунида ғолиблар ва фаол ўқувчилар муносиб тақдирланди.
– Бугунги байрам барчамизда катта таассурот қолдирди. Миллий ўйинлар ўйнаш, миллий қўшиқларни тинглаш бошқача-да, барибир. Айниқса, миллий спорт мусобақалари қизғин ўтди. Ота-боболаримиз бу каби мусобақаларда жисмонан тобланиб, чиниқишган. Ўзим белбоғли кураш беллашувларида қатнашдим, – дейди Бағдод туманидаги 2-сонли касб-ҳунар мактаби ўқувчиси Сардорбек Жалолиддинов.
Вилоятдаги олий таълим муассасаларида ҳам тадбирлар юқори кайфиятда ўтди. Миллий таом – фарғонача палов пишириш мусобақаси қизғин баҳсларга бой бўлди, “Алла”, “Ёр-ёр”, “Келин салом” каби қўшиқлар ижро этилди. Чопону яктак кийган, бошига дўппи бостирган йигитлар, атласу адрасдан кўркам либослар ярашган қизлар кўзларни қувнатади. Ўзбеклигимиздан қалблар фахрга тўлади, миллий қадриятларимизга эҳтиром кўрсатилаётганидан, миллийлигимиз асрлар давомида яшаб қолишидан кўнгиллар хотиржам бўлади.
– Аслида ҳам ташкил этилган бу тадбирдан кўзланган асосий мақсад ёшларимиз онгу шуурида миллий ўзлигимиз, миллий қадрият ва урф-одатларимизга ҳурмат ҳиссини уйғотишдир, – дейди Фарғона вилояти олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси шуъба мудири Бахтиёр Баратов. – Бундай тадбирларни кўпроқ ўтказишимиз, унутилиб кетаётган миллий ўйинлар, ҳунар ва урф-одатларимизни яна ривожлантиришимиз керак. Бунинг таг замирида бугунги мафкуравий хуружлар авж олган даврда ёш авлоднинг маънавий салоҳиятини юксалтириш, миллийлигимизга, она юртга садоқат, асрлар давомида яшаб келган анъаналаримизга ҳурмат ҳиссини уйғотиш ётади. Зеро миллий ўзлигини теран англаган, интеллектуал ва маънавий баркамол шахсларни тарбиялаш бугунги долзарб вазифалардан биридир.
Шунингдек, мазкур тадбирнинг узвий давоми сифатида ноябрь ойида “Спорт билан оғусиз ҳаёт сари” шиори остидаги шахмат-шашка мусобақалари, тизимдаги талабалар ва ўқувчилар ўртасида “Миллий мақом санъати” фестивалини ўтказиш ҳам кўзда тутилган.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири