Фарғона вилоятидаги профессионал таълим муассасаларида ёшлар ўртасида миллий анъана ва қадриятларни тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бешариқ Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида “Миллий қадриятлар – ёшлар нигоҳида” деб номланган фестиваль ташкил этилди.
Фестивалда турли йўналишларда танловлар ўтказилди, ўқувчи-ёшлар томонидан тайёрланган саҳнавий чиқишлар, миллий матолардан тикилган либослар намойиш қилинди. Республикамизнинг ҳар бир ҳудудига хос меҳмондорчилик анъаналари, таом ва ашёлари кўргазмаси ташкил қилинди. Шунингдек, 1-босқич ўқувчиларининг тантанали қасамёди тингланди. Уларнинг ҳар бир чиқиши олқиш ва қарсаклар билан кутиб олинди.

– Таълим муассасасида 966 нафар талаба таҳсил олаётган бўлса, улар қалби ва онгида миллий урф-одатларимиз, қадриятларимизга ҳурмат ҳиссини, ўзбекона одоб-ахлоқ сифатларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратганмиз, – дейди техникум директори Нигорахон Акбарова. – Зеро, бугунги ёшларимиз дунёқараши, юриш-туриши, уларнинг ўй-хаёллари том маънода эртанги кунимизни белгилаб беради. Уларни “оммавий маданият”, миллийлигимизга ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш долзарб вазифалардан саналади. Ташкил этилган фестивалнинг мақсади ҳам ўзлигимизни тарғиб қилиш, асрлар давомида сайқалланиб, асраб-авайлаб келинаётган қадриятларимизни ташвиқ қилишдир.

Дарҳақиқат, қалбида миллий ғурур, она юрт ва халққа садоқат туйғулари камол топган шахсларни тарбиялаш айни кунларда ҳар қачонгидан муҳим ва аҳамиятли бўлиб турибди. Ўз ватанини, элини суйган, унинг қадриятларига ҳурмат билан қараган ёшлардан чин ватанпарварлар, касбига садоқатли кадрлар етишиб чиқади.

Тадбирда сўзга чиққанлар ҳам шу фикрларни эътироф этди. Талаба-ёшлардан халқимиз, ҳукуматимизнинг умиди катта эканлиги, соғлиқни сақлаш ходими бўлишдек шарафли касбни эгаллашда тинимсиз ўқиб-ўрганиш зарурлигини, бу йўлда миллий қадриятларга – ор-номус, ҳалоллик, мардлик, саховат каби хислатлар йўлдош бўлиши шартлигини таъкидладилар. Техникумда “Ҳамширалик иши”, “Фельдшер-акушерлик”, “Фельдшер-лаборант”, “Фельдшерлик иши”, “Фармация” йўналишларида таҳсил олаётган ўқувчилар бир овоздан Ватан хизматига шайликларини изҳор этишди.

– Ҳар бир халқнинг ўзига хос жиҳатлари, тутуми ва анъаналари бор. Бу ўша миллатнинг бойлиги саналади. Боболаримиз, кайвони момоларимиз ўгитлари, улар асраб-авайлаб келаётган қадриятлар замирида олам-олам маъно мужассам. Биз ҳам бу анъаналарни давом эттиришимиз, миллий кийим-кечаклардан тортиб соф ўзбекона фазилатларгача ўзлаштиришимиз, хатти-ҳаракатларимизда, фаолиятимизда уларга содиқлигимизни намоён этишимиз зарур. Айниқса, бугунги глобаллашув даврида бу қадриятларни сақлаб қолиш катта аҳамиятга эга, – дейди техникум талабаси Паризода Акрамова.
Байрамда ёшлар томонидан мазмунга бой халқ қўшиқ ва термалари, қочиримга бой лапарлар ижро этилди. Намунали хулқи ва фаоллиги билан ўрнак кўрсатган талабаларнинг ота-оналари тақдирланди. Танловлар ғолибларига эсдалик совғалари тақдим қилинди.
М.Сулаймонов,
ЎзА мухбири