Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Миллий қадриятлар атласи” – Ўзбекистон миллий меросининг замонавий тақдимоти
12:22 / 2026-02-05

Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида Республика маънавият ва маърифат маркази томонидан тайёрланган “Миллий қадриятлар атласи”нинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тантанали руҳда ташкил этилган ушбу анжуманга  ижодкор зиёлилар, олимлар, маънавият тарғиботчилари, ёшлар таклиф этилди.  

Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов, Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси директори, санъатшунос олима, академик Камола Оқилова, адабиётшунос олим Раҳмон Қўчқор,  Ўзбекистoн Республикаси Миллатларарo мунoсабатлар ва xoриждаги ватандoшлар масалалари бўйича қўмитаси раиси  

Қаҳрамон Сариев ва бошқалар маънавиятга эътибор Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида янги Ўзбекистоннинг пойдеворини яратишдек масъулиятли жараёнда устувор аҳамият касб этаётганини эътироф  этди.  

Миллатнинг ўз қиёфаси, менталитети, табиатини сақлаб қолишда унинг анъана ва қадриятлар муҳим аҳамият касб этади.  Бугунги ўта мураккаб глобаллашув шароитида ахборот алмашинуви тезлашиб, турли маданиятлар ўзаро яқинлашаётган бир пайтда миллий ўзликни асраб-авайлаш, азалий қадриятлар ва анъаналарни сақлаб қолиш ҳамда уларни келажак авлодга етказиш ҳар жиҳатдан долзарб. Чунки, ҳар бир халқнинг тарихи, маънавий дунёси ва ҳаёт тарзи айнан шу қадриятлар орқали намоён бўлади.  

Миллий анъаналарни унутмаслик, уларни замон талабларига мос ҳолда ривожлантириш ва кенг тарғиб этиш ёш авлодда ватанпарварлик, миллий ғурур ва ўзликни англаш туйғуларини шакллантиради. Шу боис, миллий маданиятимиз, урф-одатларимиз ва маънавий меросимизни асраш ҳамда дунё миқёсида кенг тарғиб қилиш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан ҳисобланади.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2023 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгиланган вазифадан келиб чиқиб, “Миллий қадриятлар атласи” китоб-альбоми, махсус веб-платформа ва мобил илова яратилди.

Лойиҳа доирасида 28 нафар олим, зиёлилар ва юқори малакали мутахассислардан иборат ижодий гуруҳ шакллантирилиб, 8 та йўналиш — Янги Ўзбекистоннинг миллий қадриятлари, миллий-ахлоқий қадриятлар, урф-одатлар, маросимлар, байрамлар, миллий ўйинлар, миллий-табиий ҳамда миллий-бадиий қадриятлар бўйича кенг қамровли тадқиқот ишлари олиб борилди.

Барча ҳудудлардан жамланган маълумотлар асосида ўзбек, инглиз ва рус тилларида “Миллий қадриятлар атласи” китоб-альбоми чоп этилди. Нашрни тайёрлаш жараёнида 1,7 мингдан ортиқ матн, 3 мингдан зиёд сурат, 300 дан ортиқ миллий қўшиқ ҳамда 2 мингга яқин видео ва аудио материаллар таҳлил қилинди.

Китобда Марказий Осиёда шаклланган юксак илмий-маданий муҳит ифода этилади. Қадимги туркий битиклар, халқ оғзаки ижоди намуналари, шунингдек, алломалар мероси миллий қадриятларнинг асосий манбалари сифатида таҳлил қилинади. Амир Темур ва темурийлар даврида илм-фан, маданият ва ислом қадриятларининг юксалиши алоҳида эътироф этилади.

Шунингдек, миллат ва миллий қадриятлар ўртасидаги ўзаро боғлиқлик, уларнинг этник макон, тил, тарихий хотира ва генофонд билан чамбарчас алоқадорлиги очиб берилади. Ўзбек халқига хос урф-одатлар, оила ва жамиятдаги ахлоқий меъёрлар миллий қадриятларнинг амалий ифодаси сифатида талқин қилинади.  

Ушбу китоб-альбом миллий қадриятларнинг тарихий узвийлиги, ворисийлиги ва бугунги жамият тараққиётидаги аҳамиятини ёритишга хизмат қилади.

Шунингдек, ушбу материаллар асосида qadriyatim.uz электрон платформаси ва унинг мобил иловаси ишлаб чиқилди. Платформа доимий янгиланиб бориладиган, чет эллик фойдаланувчилар ва хориждаги ватандошлар учун миллий қадриятлар, моддий ва номоддий маданий мерос ҳақида бир нечта хорижий тилларда маълумот тақдим этувчи интерактив ахборот базаси ҳисобланади.  

Бугунги кунда “Миллий қадриятлар атласи” китоб-альбоми мамлакатимиз бўйлаб олий таълим муассасалари, миллий маданият марказлари ва туристик объектларда кенг жамоатчиликка тақдим этилмоқда.

[gallery-27473]

Шу билан бирга, жорий йилда “Ватандошлар” жамоат фонди билан ҳамкорликда китоб-альбомни қўшимча 1000 нусхада чоп этиш, хориждаги ватандошлар ва диаспора вакиллари иштирокида элчихоналарда тақдимотлар ўтказиш, шунингдек, китоб-альбомнинг ўзбек, инглиз ва хитой тилларидаги янги нашрларини тайёрлаш режалаштирилган.  

–  Бу китоб ўзбек қадрияти, миллийлигимизга оид саволларга лўнда ва аниқ жавоб олиш мумкин, – деди Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси директори, санъатшунос олима, академик Камола Оқилова. – Ушбу китоб ёшларимиз учун ғоят муҳимдир. Сабаби, бугунги мураккаб глобаллашув даврда улар кимларнинг авлоди эканини теран англашига имкон беради.  

Тақдимот тадбирида “Миллий қадриятлар атласи” китоб-альбоми ҳақида батафсил сўз юритилди. Миллий ва бетакрор қадриятларимизни намойиш этувчи мусиқий дастур иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинди.  

Назокат Усмонова,

Ойбек Пардаев (суратлар), ЎзА мухбирлари