Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий, қадрдон, қадимий байрам
13:08 / 2024-03-21

Наврўз байрами мамлакатимизда катта шоду хуррамлик билан нишонланмоқда. Пойтахтимиздаги “Наврўз” этно-боғи эрталабдан ҳамюртларимиз, мамлакатимизга ташриф буюрган хорижлик меҳмонлар билан гавжум бўлди.

Гарчи байрам томошалари соат 11 да бошланган бўлса-да, миллий ўзлигимизни намоён этувчи бу ажиб боғда одамлар анча барвақт тўплана бошладилар.  

Шу куни боғ ҳудуди янада кўркам ва файзли қиёфага кирди. Боғдаги муҳит шундай қадрдонки, ундаги бор манзара – мўъжаз ҳовли-хонадонлар, айвонлар бизга бобо-бувиларимиз хонадони, беғубор болалигимизни ёдга солиб юборади. Меҳрли, файзли, қалбга жуда яқин бу масканни тарк этишни истамайди киши...  

Миллий ҳунармандчилик, турфа арт-галереялар одамлар билан тўлган. Наврўз миллатимизнинг ўзлиги, асл қиёфаси, анъана ва удумлари, ўзига хос маданияти, тарихини намойиш этувчи айём экани бу ерда яна бир карра намоён бўлди. Сайилга келган одамлар юз-кўзида мамнунлик, ҳайрат ва ҳавас мужассам эди.  

–Наврўзга етказганига минг шукур, – деди нуроний онахон Мухтасар Аҳмедова. – Набирам билан келдим. Бундай байрамларда инсоннинг баҳридили очилиб кетади. Назаримда барча “Наврўзга етказсин” деб дуолар қилади.  

Зарина Собирова – тожикистонлик. У  “Франция-Тожикистон”  дўстлик ассоциациясининг раҳбари.  

–Ҳозир Ўзбекистонга визасиз бемалол келиш мумкин, – деди Зарина опа. – Франциядан бир гуруҳ меҳмонларни атайин Наврўз байрами учун олиб келдик. Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларини саёҳат қилаяпмиз. Байрам барчага жуда ёқаяпти.  

Шу меҳмонлардан бири жаноб Жан Франсуа етмишдан ошиб, саксонларга яқинлашиб қолган.  

–Менга Ўзбекистонга келишни дўстларим тавсия этишди, – деди Жан Франсуа. – Бугун тараққиёт шиддати туфайли кўп давлатлар ўз анъаналарини унутган. Лекин, Ўзбекистон анъаналарга, ўз маданияти, тарихига, удумларига содиқ қолган юрт эканига Наврўз байрами орқали яна бир карра гувоҳ бўлдим. Тўғриси, Наврўз сабаб бу гўзал юртга мафтун бўлиб қолдим.  

–Байрам жуда юқори руҳда ўтмоқда, – деди қирғизистонлик Гулмира Абилова. – Марказий Осиё халқларининг тарихи туташ, анъаналари бир-бирига ўхшаш. Лекин, Ўзбекистоннинг маданияти бетакрор эканига бу байрамда яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.  

–Биз Наврўз учун махсус дастур тайёрладик, – дейди сирдарёлик ёш дорбоз, “Алишер дорбоз” гуруҳининг аъзоси Ғанижон Акбаров. – Дастуримиз байрамга келганларга манзур бўлаётганидан жуда мамнунмиз.  

Дарҳақиқат, “Наврўз” этно-боғида театрлаштирилган мусиқий дастур – миллий цирк, томоша, мусиқа ва рақс санъатимиз, халқ меросининг нодир намуналарини барчага тақдим этаётгани билан аҳамиятли бўлмоқда.  

 

Назокат Усмонова,  

ЎзА