Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий ўйинларимиз унут бўлмасин
15:20 / 2023-03-31

Ҳаракатга асосланган миллий ўйинлар инсон организмини тоблаб боради. Бу ҳақда улуғ ҳаким Абу Али ибн Сино кўп бора таъкидлаган. Чунки ўйинлар ўпкани кенгайтириб, нафас олишни яхшилайди, юракни бақувват қилади, фаолликни оширади. Бундан ташқари ўйинлардаги турли ахлоқий талаблар болаларнинг маънавиятли, ахлоқли инсон бўлиб шаклланишига ҳам ҳисса қўшади. Чунки болалар ўйинларида ҳалолликка қатъий риоя қилинади. Бундай руҳда улғайган болалар эса келажакда одамларга керакманд инсонлар бўлиб вояга етади.

Инсоннинг ҳаракатчанлиги  қиш фаслида бироз сусаяди. Баҳор келиб, табиат жонланиши билан болажонлар кенг адирлар, қирлар бағрида варрак учиришга иштиёқманд бўладилар.Қайси боланинг варраги юқорироқ кўтарилса, бу унинг уқувлилигидан дарак беради.  

Болалар орасида кўкат воситасидаги ўйинлар ҳам машҳур бўлган. Бу ўйинлар ҳам кишининг зийраклигини, масъулиятини ошириб, хотирани бир жойга жамлашга ўргатади.  

Фалсафа доктори, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Гулжаҳон Мардонова бир неча йиллардан буён республикамизнинг вилоят, туман, қишлоқларини кезиб кекса отахон, онахонлар, болажонлардан унутилган, кўҳна ўйинларни ёзиб олиш билан шуғулланади. Қуйида Гулжаҳон опа Қарши шаҳридаги Ҳарамжўй қишлоғи болаларидан ёзиб олган “Кўк қани?” ўйинини эътиборингизга ҳавола қиламиз.    

Кўк қани?  

Бу ўйин баҳор бошланиши билан бир неча ўғил болаларнинг келишуви асосида ўйналади. Унга бир болани ўртабоши, яъни назоратчи қилиб тайинлайдилар. Айтайлик, бешта бола ўйинга киришди. Улар ўйин бошланган дақиқанинг ўзида чўнтакларига исталган ўт-ўланнинг баргларидан солиб оладилар.  

– Кўк қани, дейилганда топиб беролмаган бола уни сўраган дўстига битта олма ёки чақа беради, – дейди ўртабоши.  

Болалар ана шу келишув асосида тарқаладилар.    

Айтайлик, ўйиндаги иштирокчи Абдуғани яшайдиган уйнинг дарвозаси кечқурун тақиллаб қолди. Абдуғани ҳеч нарсани ўйламай дарвозани очди. Қараса “кўк қани” ўйинидаги дўсти Асрор турибди.  

– Абдуғани, кўк қани? – сўрайди Асрор.    

Ана шу пайт Абдуғани чўнтагидан исталган ўт баргидан чиқариб кўрсатиши керак. Агар унинг ёнида ўт бўлмаса, кўйлагининг рангими, тугмасими кўк бўлиши керак. Абдуғани   кўк рангли ашё кўрсата олмаса, Асрорга олма ёки келишилган чақани бериши шарт. Мабодо Абдуғани бу ерда ҳеч қандай гувоҳ йўқ, деб ғирромлик қирмоқчи бўлса, Асрор уни ўртабошининг олдига етаклаб боради. Ўртабоши эса масалага ойдинлик киритади.  

Ўйинда иштирок этаётганлар қаерда, қандай шароитда бўлмасин чўнтакларида ўтнинг баргидан олиб юришлари керак. Акс ҳолда ютқизиб қўядилар. Ўйин баҳор бошланишидан адоғигача давом этади.  

“Кўк қани?” каби миллий ўйинлар болаларни зийрак, масъулиятли, қатъиятли этиб тарбиялайди.  

 

Гулжаҳон Мардонова,  

ЎзА