Соҳибқирон Амир Темур ҳаётини тўлиқ ёритиб берган Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида Темурбекнинг қисман болалик даврлари ҳам таърифланган, унда тахминан 9-12 ёшлардаги Темурбекнинг болалик орзулари, тутумлари ҳақида сўз юритилади.
Амир Темур таваллудининг 684 йилигига
Соҳибқирон Амир Темур ҳаётини тўлиқ ёритиб берган Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида Темурбекнинг қисман болалик даврлари ҳам таърифланган, унда тахминан 9-12 ёшлардаги Темурбекнинг болалик орзулари, тутумлари ҳақида сўз юритилади. “(Темурбекнинг) сўнг ҳадди тамйиз ва ақлда етқонда ҳаракат ва қилиғидин (ақли тўлишиб борган сари унинг ҳаракатларию тутумларидан) салтанат иши андин зоҳир бўлур эрди... подшоҳлиқ ва шаҳриёрликтариқаси кун киби йаруқ кўринур эрди...” (Таъкид бизники – М.А.) Бу Темурбекнинг ёш кўнглида давлат тузиш (мамлакатда эса ягона давлат йўқ...) фикри туғилган пайтлар, мустақил давлат тузиш умиди ва орзуси эндигина куртак отаётган паллалар... миллий ғояга айланиб бораётган улуғ ниятлар...
Ўша пайтдаёқ Темурбекнинг ҳали бўлажак салтанат иши, подшоҳлик ва шаҳриёрлик тариқа(маслаги)сига интилиши кундай ёруғ намоён бўлар эди, дейди муаррих.
Қадимдан ўзбек болалари орасида “пошшо-вазир” ўйини жуда машҳур. Темурбек доим ана шундай ўйинни уюштиради, у “пошшо” бўлади, бошқа болалар ҳар хил “мансаб”ларни эгаллайдилар. Бу болалик давридаги ниятларнинг болаларча гўзал содда ифодаси. Бошқача айтсак, Темурбек кўнглида уйғониб, мустаҳкам жой ола бошлаган миллий ғоя эди... Бу улуғ ғоя Темурбекка узоқ йиллар бир лаҳза ҳам тинчлик бермади, он сайин, соат сайин, кун сайин ўса борди. У пароканда юртни бирлаштириб, мўғуллар зулмида қолган она Ватанида мустақил давлат тузишни ўйларди, қайсар амирлар бошини қовуштириш, бир мақсадга йўналтириш йўлларини излашдан толмасди.
Дунё мамлакатлари тарихидан маълумки, миллий давлат қуришга бел боғлаган ҳар қайси халқ, қавм катта мақсадлардан келиб чиқадиган миллий ғояни ўзига байроқ қилиб олади. Амир Темур бобомиз худди ана шу жараённи ўз бошидан кечирган эди.
Муаррих Низомиддин Шомий ўз “Зафарнома”сида шундай ҳикоя қилади.
...Милодий 1367 йил. Мамлакатда икки нуфузли амир – ўттиз бир ёшли Амир Темур билан Амир Ҳусайн ўртасида иззат-икром, обрў-эътибор борасида мухолифат юзага келади. Кунлардан бир кун Темурбек ўз лашкари билан Бойсун мавзеида эканида, Амир Ҳусайн фитна қўзғатиш, орада низо чиқариш, шунинг билан бесаранжомлик туғдириш, ғанимини кучсизлантириш ниятида Малик ва Абдуллоҳ деган одамларини юборгани сезилиб қолади... Темурбекнинг йигитлари Соҳибқиронга дарҳол уларни тутиш лозимлигини маслаҳат берадилар. Соҳибқирон бунга рози бўлмайди ва шундай дейди: “Бу фикр тўғри эмас, чунки бу кунлар давлатимизнинг бошланғич кунларидир... (демак, мустақил давлат тузиш ғояси ўша пайтларда пишиб етилган, шаклланиб бўлган). Агар биз уларни қўлга олсак, бошқа кишилар тисарилиб қоладилар ва биз томонга келишдан иккиланишга тушадилар. Қайси бир подшоҳ (демак, Соҳибқирон кейин барпо этилажак улкан давлатнинг куртаклари намоён давлатни тузган, чунки ўзини подшоҳ сифатида талқин этмоқда) ўз ишини ғаддорлик ва бевафолик асосига қурса, кишиларга озор бериш ва ҳалок қилишга ошиқса, унинг давлати чайқалиб қарорсизликка юз тутади...” Бундан кейинги сўзлар давлат тузилганлигини ва унинг қандай йўсинда қурилаётганлигини яна ҳам яққол кўрсатади: “Биз ўз салтанатимизни одамларга эътибор бериш ва уларни ҳимоя қилиш асосига қураётганлигимиз сабабли уларни юпантириб, хотиржам қиламиз...” Амир Темурнинг юрт бошига келишига ҳали тўрт йил вақт бор бўлса ҳам, “давлатимиз”, ”салтанатимиз” деб комил ишонч билан гапиришлари кишини ҳайратга солади. Бошқа бир жойда эса, истиқлолимиз баҳорида турибмиз, деган сўзларни келтиради. Буларни ўқиб, беҳад фахру ифтихор туйғуларига берилиб кетганингни билмай қоласан…
Демак, Салтанат одамлар (халқ)га эътибор бериш, уларни ҳимоя қилиш, юпантириш, хотиржам қилиш билан шуғулланади. Мана, салтанат ва миллий ғоя нимадан иборат!
Кейинчалик одамларга эътибор бериш ва уларни ҳимоя қилиш – каби сўзлар Соҳибқирон салтанатида давлат сиёсати даражасига кўтарилди, дейиш мумкин. Бу бугунги кун ўқувчисини, – аслида ҳамма замонлар ўқувчиларини ҳам! – ҳайратга солмай илож йўқ. Соҳибқироннинг узоқни кўзлаб олиб борган сиёсати, теран ақли, катта арбоблик салоҳияти шу ерда очиқ намоён бўлади. Бу буюк давлат арбобининг қарашлари эди.
“Темур тузуклари”дан олинган мазкур сўзларга эътибор беринг: “Ҳокимлару сипоҳдан қай бирининг халққа жабр-зулм еткизганини эшитсам, уларга нисбатан дарҳол адолату инсофюзасидан чора кўрдим...”. Бу сўзлар салтанат гуриллаб турган вақтларда қоғозга туширилган.
Амир Темурнинг эл-юртни, улус-халқни, инсонни ўйлайдиган фуқаропарвар ҳукмдор эканини яна бир воқеадан ҳам билса бўлади. Соҳибқирон Ҳиндистон сафаридан қайтаётиб, Сиволик тоғига яқин манзилгоҳда тўхтайди. Воқеа 1399 йил 13 январь куни рўй беради. Соҳибқироннинг жияни Амир Сулаймоншоҳ бир неча нуфузли амирлар билан ҳукмдор ҳузурига келади ва бундай мурожаат қилади: “Агар Олий ҳазрат лашкаргоҳ томонга қайтсалар ва сув ёқасида монандсиз вужудлари ниҳолига ором бериб нашъу намо бағишласалар, биз бандалари эса у муфсид (фасодчилар, яъни душманлар – М.А.) томонига чопқин қилсак тўғри иш бўлар эди.”[6] Соҳибқироннинг амирларга жавоби амирларнигина эмас, Низомиддин Шомийнинг ўзини ҳам ҳайратга солади. “Амир Соҳибқирон уларга шундай подшоҳона жавоб бердики, – деб ёзади муаррих, – уни кўз қорачиғи билан кўз оқига ёзилса арзигуликдир!”. Амир Темур жавоби бундай бўлган эди: “Ғазот қилишда бир қанча фойда бордир, аввалан дунёда яхши ном қолдирилади, охират учун эса ҳисобсиз савобга сазовор бўлинади. Шу билан бирга бунга қўшимча равишда мол ҳосил қилиш ва ғанимат олишдан иборат дунёвий манфаатлар ҳам бордир. Сизлар бу фойдаларни ўзингиз учун назарда тутасиз, мен эса бу саодатга етишишни ўзим учун исташ билан барча лашкарнинг мискинларини назарда тутамен, уларнинг мингани улови йўқ, пиёда қолганлари кўп... Ўзгаларнинг, қўл остимдаги кишиларнинг ғамини ейиш ва уларнинг осойиши учун ранжу меҳнат тортиш кишининг ўзига роҳатни ихтиёр этиш, фароғат қилишдан кўра яхшироқдир.”
Биз бу ерда ҳақиқий Амир Темур тимсолини кўрамиз! Кишилар ғамини ейиш саодатга етишиш демакдир, Амир Темур фикрича.
Соҳибқирон умрининг сўнгги кунларида ўз фарзандларига шундай васият қилган эди: “Ҳар неким мамлакат маслаҳати учун айттим, қулоғингизга тутунгизлар вараъойо(халқ маъносида) ва фуқаро-ю мискин ҳолатидин ғофил бўлмағайсиз... Нечукким мен адлу эҳсон била оламни обод этибмен...”.
Соҳибқирон Амир Темур миллий ғоя асосида узоқ йиллар заҳмат чекиб, мустақил Турон салтанатини (Амир Темур юртимизни шундай атаганлар, ўзларини султон деб ёздирганлар) йўқдан барпо этди ва уни дунёларга танитди. Машҳур Култигин битигида айтилганидек, “оз халқни кўпайтирди, камбағал халқни бой қилди, элни бир-бирига дўст қилди”.
Давлат тузиш ва салтанат ишини юритиш, эл бирлиги, руҳ бирлигига эришиш;
“Куч адолатда” шиорига ҳамиша амал қилиш:,
Одамларга эътибор бериш, уларни ҳимоя қилиш, хотиржам этиш ва юпантириш;
Халққа жабр-зулм еткизганларини эшитганда... чора кўриш;
Кишилар ғамини ейиш ва улар осойиши учун ранжу меҳнат тортиш кишининг ўзига фароғат тилаш, фароғат қилишдан кўра яхшироқлигини англаш;
Раъойо (халқ маъносида) ва фуқаро-ю мискин ҳолатидин ғофил бўлмаслик...
Булар Амир Темур сўзлари, мустақил давлат тузган буюк давлат арбоби суянган, амалга оширган ўзига хос миллий ғоянинг муҳим боблари эди.
Энди эътибор беринг: “Биз одамлар (халқ) манфаати нимани истаса – шуни қиламиз.”, “Халқимиз эртага эмас, келажакда эмас, бугун яхши яшашни истайди!” – бу муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев сўзлари. Бу Соҳибқирон назарда тутган “одамларга эътибор бериш”га, “кишилар ғамини ейиш”га, “хотиржам этиш”га ёрқин мисолдир! Давлатимизнинг икки раҳбари – бири олти юз йиллар аввал, бири – бугун айтган сўзлари бир-бирига қондошу жондош, ҳамоҳанг эканини кўряпсизми? Уларни бир миллий ғоя узилмас занжир бўлиб боғлаб турибди.
Мустақил давлатнинг вазифалари, ёки, бошқача айтсак, дастури нималардан иборат эканига бир назар ташлайлик.
Амир Темур юртни бирлаштириш билан шуғулланди, ягона Турон юртини тиклади. Обод этишга киришди, улкан бунёдкорлик ишларини олиб борди, турли хил бино-иморатлар қурди, йўллар солди, жаннатмонанд боғлар барпо қилди.
Давлат хавфсизлигини сақлаш, турли хил ташқи таҳдидларнинг олдини олиш, бартараф этишга кўп вақтини сарфлади. Жета, Дашти Қипчоқ томонлардан қилинадиган қўққис босқинлар Амир Темурни доим ҳушёр туришга мажбур қилар эди. Шуни айтиш керакки, босқинчилар юртда Амир Темур йўқлигини пойлашиб, бостириб келар, кейин дарҳол ортга қайтардилар. Ҳеч қайси душман Амир Темур билан юзма-юз жангга киришга журъат қилолмас, тенг келолмаслигини билиб, “вақтида қочиб қолмоқ ҳам зафардур” деган мақол этагини тутиб, майдондан жуфтакни ростлардилар.
Амир Темур ўз давлатини дунёга танитиш зарурлиги, бу йўлда жаҳон мамлакатлари билан алоқаларни йўлга қўйиш катта аҳамиятга эга эканини чуқур англаб етган давлат арбобидир. Бу ўша давр инсоний тафаккур тараққиётини белгилаб берадиган, замондан ўзиб кетган тушунча, зўр омилдир. Шарқ ҳукмдорлари ичида Амир Темур биринчи бўлиб дунё, хусусан, Европа мамлакатлари билан дипломатик алоқалар ўрнатишни йўлга қўйди, ўзаро ҳурмат доирасида савдони ривожлантиришга, тенг ҳуқуқларда ҳамкорлик қилишга чорлади. Амир Темур фикрича, чинакам мустақил давлат, олий ҳукмдор фақат ўз мамлакатигина эмас, балки жаҳон тақдири учун ҳам масъулдир. Соҳибқирон элчиларининг дипломатик миссия билан Европа мамлакатларига бориши, Англия, Кастилия (Испания), Франция, Хитой ва бошқа мамлакатлар элчиларининг Самарқандга келиши ўз замонасининг жуда катта воқеаларидандир.
Буларнинг бари Соҳибқирон кўнглида болаликда япроқ ёзган мустақил давлат тузиш орзулари, кейинчалик миллий ғояга асос бўлган ниятлари эди. Мустақил Турон салтанатини тузиш билан Амир Темур бу мўътабар ва қутлуғ миллий ғояни рўёбга чиқарди, сиёсий томондан тамал тошини қўйиб, мустаҳкамлаб берди, она юртини дунёга кўз-кўз этди.
Бугун бу миллий ғоя Янги Ўзбекистон учун ҳам хизмат қилмоқда.