“Ватан учун, миллат учун, халқ учун!”
“Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғоя остида нишонланаётган истиқлолимизнинг 34 йиллик тантаналари қўшалоқ байрамлар билан халқимизга янада кўтаринки руҳ, қувонч ва шукроналик ҳиссини бахшида этмоқда. Яқинда ҳар жиҳатдан мукаммал бўлган Олимпия шаҳарчаси ҳамда Миллий футбол маркази фойдаланишга топширилган бўлса, куни кеча яна бир тарихий воқейлик – Ўзбекистон Миллий музейи қурилишига тамал тоши қўйилди.
Шу муносабат билан ўтказилган маросимда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, бу музей уч минг йиллик бой тарихимизни одамларга, дунё ҳамжамияти ва келажак авлодга етказадиган илм-маърифат ва маданият маскани бўлишини таъкидлади. “Ишончим комил, янги барпо этиладиган мажмуа мамлакатимизнинг жаҳон тарихи ва тараққиётида тутган ўрнини янада ёрқинроқ кўрсатади. Бир йил эмас, ўн йил эмас, кўп йиллар давомида халқимизга хизмат қилади!” - деди Давлатимиз раҳбари.
Дарҳақиқат, ҳар қандай миллатнинг маънавиятини унинг тарихи, ўзига хос урф-одат ва анъаналари, қадриятларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу маънода, аждодлардан мерос қолган илмий, маънавий-маърифий хазиналар, узоқ тарихдан сўзловчи асори-атиқаларни келажак авлодларга етказишда қадриятлар бешиги, тарих тилсимоти – музейларнинг ўрни беқиёс. Музейлардаги тарихий ашёлар, нодир қўлёзмалар, ҳужжатларга қараб аждодларимизнинг ўтмиш ҳаётидан, маънавий дунёсидан хабардор бўламиз. Бу нафақат ҳар биримизга ота-боболаримиздан қолган меросга ҳурмат ҳиссини уйғотади, балки ватанпарварлик, шу юртга, халқимизга муносиб фарзанд бўлиб вояга етиш, келажакда садоқат билан хизмат қилиш туйғуларини ҳам шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон музейлари 130 йиллик тарихга эга бўлиб, юртимизда бугунги кунда мунтазам фаолият кўрсатаётган 1200 дан зиёд турли йўналиш ва соҳа музейлари бор. Музейларимиз йилдан йилга маънан бойиб, мунтазам кенгайиб бормоқда ва уларда сақланаётган экспонатлар сони эса 2,17 миллиондан ошган. Биргина Тошкентдаги 30 та музейда 1 миллиондан зиёд экспонат бор. Уларнинг 100 минги Давлат санъат музейида бўлиб, шундан бор-йўғи 2 минг 400 таси намойишга қўйилган, холос. Кўргазма заллари етарли бўлмагани, сақлаш учун зарур шароитлар яратилмагани боис, қарийб 100 мингта экспонат омборда сақланяпти.
Дунё тамаддуни марказлари ҳисобланган Марказий Осиё, Хитой, Япония, Ҳиндистон ва Европа давлатлари маданиятини ўзида акс эттирган бу ноёб санъат асарлари бутун инсониятнинг беқиёс бойлиги эканини ҳисобга олсак, уларни асраб-авайлаш, келгуси авлодларга бешикаст етказиш, дунё оммасига намойиш қилиш орқали юртимизнинг бой тарихи ва маданиятини тараннум этиш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир. Шу жиҳатдан юртимиз тарихида илк бор барпо этилаётган мажмуа 3 қаватли музей, 2 қаватли ертўла ҳамда ёрдамчи бинолардан иборат бўлади. Умумий майдони 40 минг квадрат метрли музейда бир вақтнинг ўзида 10 мингга яқин экспонатни намойиш қилиш имконияти яратилади. Шу билан бирга 4 минг квадрат метр майдонда конференция заллари, аудитория ва ресторанлар, болалар майдончалари ташкил этилади.
Яна бир эътиборли жиҳати: музей келажакда атрофидаги Абулқосим мадрасаси, Халқлар дўстлиги саройи ва Ўзбекистон Миллий боғи билан бир жойда яхлит меъморий композицияга, юртдошларимиз ва хорижий сайёҳлар учун тематик туризм масканига айланади. Миллий музейи дунёга машҳур Лувр, Метрополитан ва Британия музейлари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатиб, ноёб экспонатлар олиб келинади ва кўргазмалар ташкил қилинади.
Албатта, халқимиз манфаати, давлатимиз улуғворлигига хизмат қилувчи бу каби улкан иншоотлар юртдошларимизнинг Янги Ўзбекистоннинг ортга қайтмас ислоҳотларига, фаровон келажагига, “Инсон қадри учун” деган тамойил асосида амалга оширилаётган ўзгаришлар бўлган ишончи намунасидир.
Отабек ЖИЯНБАЕВ,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати