English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий мусиқани асраш ва ривожлантириш йўлидаги лойиҳа
20:43 / 2022-01-21

Бухоро вилояти маданият бошқармасида Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан «Миллий мусиқамиз-жамиятни бирлаштирувчи ва ислоҳотларга кўмаклашувчи куч» номли лойиҳанинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди грантлари асосида «Навқирон Бухоро» гуманитар тадқиқотлар маркази мазкур лойиҳа доирасида 30 млн. сўм маблағни қўлга киритган.

Лойиҳа 2 та ноталар тўплами ҳамда бухоролик бастакорларнинг 4 қисмдан иборат мусиқий асарларининг оцифровка қилинган аудио ва видеоларидан иборат диск (CD)ларини яратган.

Шунингдек, тадбир доирасида илмий-назарий семинар ўтказилиб, кенг жамоатчилик Мухтор Ашрафий, бошқа буюк бастакор ва ижрочилар мероси билан таништирилди.

[gallery-5531]

- Лойиҳадан асосий мақсад, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий мусиқа меросимизни асраб-авайлаш, янги шароитларда ривожлантириш ва улардан халқимизни баҳраманд қилиш учун кенг имкониятлар яратилади, - дейди «Навқирон Бухоро» гуманитар тадқиқотлар маркази раҳбари Феруз Бафоев. - Композитор, бастакор ва созандалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ҳаваскорлар орасидан истеъдодли ижрочиларни аниқлаш мақсадида турли даражадаги кўрик-танловларни ўтказиш, анъанавий мусиқа жанрларини янги шарт-шароитларда ривожлантириш мақсадида "устоз-шогирд" анъанаси янада ривожлантирилади. Миллий ва жаҳон композиторлари ижодиётини инсоният интеллектуал хазинаси сифатида халқ орасида кенг тарғиб қилиш, замонавий руҳда юксак бадиий асарлар яратиш, катта мусиқий асарлар, жумладан, опера, симфония, концерт ва оратория каби мумтоз жанрлар ривожлантирилади.

Ёш композиторлар, бастакорлар, мусиқашунослар ва ижрочиларнинг ижод билан самарали шуғулланишлари учун барча имкониятлар кенгайтирилади.

Тадбирда вилоятдаги ихтисослаштирилган санъат ва мақом мактаб интернатлари ҳамда вилоятдаги мавжуд 18 та болалар мусиқа ва санъат мактабларига 2 та ноталар тўплами ҳамда бухоролик бастакорларнинг 4 қисмдан иборат мусиқий асарларининг оцифровка қилинган аудио ва видеолардан иборат дисклари фойдаланиш учун топширилди.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА