Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий манфаатларимиз кафолати
18:12 / 2023-12-05

Бош Қомусимиз – Конституциямизнинг бирор-бир моддаси йўқки, инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари билан боғлиқ бўлмаса. Унинг муқаддима қисмидаёқ “инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлатни, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этиш борасида ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятимизни англаган ҳолда” деган иборанинг келтирилиши Конституция нафақат бугунги кун нуқтаи назаридан, балки келажак авлод, хусусан, ёшлар олдидаги юксак масъулиятни англаган ҳолда қабул қилинганлигини билдиради.

“Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” деб номланувчи 2-бўлимда ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, бурчлари ҳамда конституцион кафолатлари тўғрисидаги қоидалар ўзининг ёрқин ифодасини топган. 

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси инсон ҳуқуқи ва манфаатлари ифодаси сифатида демократик қадрият, анъана ва ижтимоий адолатнинг қарор топишида, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечириши ҳамда миллий тотувликни таъминлашда бош омил бўла олади. Унда мустаҳкамлаб қўйилган кафолатлар ва ифода этилган нормаларни кундалик ҳаётимизда қарор топтириш, шубҳасиз, кексаю ёш – ҳар бир фуқародан ҳуқуқий фаолликни талаб қилади. Зотан, ҳуқуқий давлат қуришнинг муҳим шарти Асосий Қонунимизнинг учинчи бобида мустаҳкамлаб қўйилган тамойил – Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашдан иборат.

Конституция устуворлиги шундаки, қабул қилинаётган барча норматив-ҳуқуқий актлар, жумладан, қонунлар унинг нормалари асосида бўлади. Зеро, Конституция устунлиги қонун устуворлиги билан ўзаро боғлиқ. Ҳар қандай давлат қонунчилик тизимида Асосий Қонун – Конституция устуворлиги яққол кўзга ташланиб туради. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 15-моддасида мазкур тамойил “Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади”, деб мустаҳкамлаб қўйилган. 16-моддада эса “Ушбу Конституциянинг бирорта қоидаси Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқ ва манфаатларига, ушбу Конституциянинг биринчи бўлимида назарда тутилган асосий принцип ва нормаларга зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас”лиги қайд этилади.

Алоҳида урғу билан таъкидлаш жоизки, 2023 йил 30 апрелда референдум орқали янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қатор халқаро анжуманларда нуфузли экспертлар, хорижлик мутахассислар томонидан ҳам алоҳида эътироф этилди.

Яна бир жиҳат: ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги эзгу мақсадларимизнинг рўёбга чиқишида дастуриламал бўлаётган янги таҳрирдаги Конституциямизда бой миллий ҳуқуқий меросимиз ва илғор хорижий Конституциявий тажриба ҳамда замонавий халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари, нормалари тўла акс этган. Биргина мисол, янгиланган Конституциямизда Адвокатура институтига Конституциявий мақом берилишининг ўзиёқ юртимизда жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш тўла акс этганидан далолат. 

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – миллий истиқлол мафкураси ғоялари сингдирилган миллий манфаатларимиз, истиқлолимиз ва буюк келажагимизнинг ҳуқуқий кафолатидир. 

Ф.Собиров, 

Жиноят ишлари бўйича Балиқчи туман судининг раиси.