Миллий аккредитация тизимини халқаро талабларга мувофиқлаштириш, аккредитация органларининг Халқаро лабораторияларни аккредитация қилиш ташкилоти (ILAC) ва Халқаро аккредитация форуми (IAF) фаолиятида тўла ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этишига ҳуқуқий асос яратилмоқда.
Сенатнинг ўттиз олтинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисида”ги қонун шу мақсадга хизмат қилади.
Қонун мувофиқликни баҳолаш идоралари фаолиятини халқаро меъёрлар асосида баҳолаш учун аккредитация тизимини халқаро талабларга мослаштиришда юқори самара беради.
Қонун билан аккредитациянинг мақсадлари, соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва уни давлат томонидан тартибга солиш, Миллий аккредитация тизими ва аккредитацияни амалга ошириш тартиби белгилаб берилмоқда.
Аккредитациянинг асосий вазифалари манфаатдор тарафларнинг аккредитациядан ўтган субъектлар фаолиятига бўлган ишончини таъминлаш, мувофиқликни баҳолаш соҳасида ягона техника сиёсати амалга оширилишини таъминлаш, аккредитация қилинган субъектларнинг фаолияти натижалари халқаро даражада тан олиниши ва қабул қилиниши учун шарт-шароитлар яратишдан иборат.
Бундан ташқари, қонунга мувофиқ Миллий аккредитация тизими яратилиб, аккредитацияни амалга ошириш тартиби, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш, қайта тиклаш ва тугатиш тартиби ҳамда аккредитациянинг амал қилиши тугаган тақдирда, унинг амал қилиши қайта тикланмаслиги ва бунда такрорий аккредитациядан ўтиш учун аккредитация қилинган субъект аккредитациянинг муддати тугагунига қадар ариза берган бўлсагина унинг аввалги фаолияти натижалари ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилиши мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Шу билан бирга, қонун билан тадбиркорлик фаолияти қўллаб-қувватланмоқда. Республикамизда миллий сифат инфратузилмаси яхшиланишига ҳамда “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” белгиси остида ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг экспорт бозорларига ортиқча тўсиқларсиз кириб боришига имконият яратилмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА