Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий маданиятни ривожлантириш бўйича брифинг
19:10 / 2019-11-27

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Маданият вазирлиги томонидан 2019-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепцияси ижросига бағишланган брифинг ўтказилди.


Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Маданият вазирлиги томонидан 2019-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепцияси ижросига бағишланган брифинг ўтказилди. 

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 28 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида соҳа ривожини янги босқичга олиб чиқиш юзасидан аниқ, тизимли, истиқболли вазифалар белгилаб берилган.

Айни пайтда 25 та мукаммал таъмирланадиган маданият марказининг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, Қурилиш вазирлигининг “Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси” давлат унитар корхонасининг ижобий эксперт хулосалари олинган ҳамда ушбу маданият марказларида мукаммал таъмирлаш ишлари якунланмоқда. 5 та маданият марказини янгидан қуриш ва 12 та марказни реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланиб, давлат экспертизасидан ижобий хулосалар олинган.

Маданият марказларида овоз ёзиш, фото-видео, театр студияси, кутубхона ва ўқув зали, кино зали, картиналар галереяси, спорт секцияси, аттракционлар шаҳарчаси ва болалар дунёси бурчаги, ёзги саҳна, лингафон, компьютер, тўгарак, ансамбль, миллий ҳунармандчилик ва маиший устахоналарни ташкил этиш бўйича тадбиркорлик субъектлари жалб этилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Унга кўра, ҳозирги кунга қадар 5 минг 636 та маданий мерос объектининг давлат кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиб, ягона тизимига тегишли ахборотлар киритилмоқда. Объектларнинг қўриқланадиган теграларини белгилаш ва уларга риоя қилинишини таъминлаш бўйича маданий мерос объектларига 1088 та йўл кўрсаткич, 2 минг 417 тасига муҳофаза белгиси ўрнатилган ҳамда 2 минг 563 тасига жамоатчи инспекторлар бириктирилган. Барча моддий маданий мерос кўчмас мулк объектлари қайта экспертизадан ўтказилиб, Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхати шакллантирилди.

Шу йил илк марта 21-27 март кунлари Театр томошалар ҳафталигини ўтказилгани халқимиз томонидан ғоят катта қувонч билан кутиб олинди. Унинг доирасида юртимиздаги мавжуд 37 та театрда 250 дан ортиқ турли жанрдаги спектакль аҳолига бепул намойиш этилди. Намойишларга жами 108 мингдан ортиқ томошабин ташриф буюрди. “Энг яхши спектакль либослари”, “Энг яхши спектакль декорациялари” номинациялари эълон қилиниб, экспертлар гуруҳи томонидан баҳоланди.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган режага асосан 2019 йилда давлат театрлари томонидан юртимиз бўйлаб қирққа яқин гастроль сафари амалга оширилди. Самарқанд вилояти қўғирчоқ театри жамоаси “Улуғбек юлдузи”, Ўзбекистон давлат ёшлар театрининг “Жаворонок”, Андижон вилояти қўғирчоқ театри жамоаси “Саёҳат томошаси” спектакллари хорижда бўлиб ўтган фестивалларда муваффақият билан кутиб олинди.

“Ўзбек давлат цирки” давлат муассасасида 2019 йилнинг III чорак якуни бўйича жами 219 дан ортиқ цирк томошаси намойиш этилди.

Айни пайтда юртимиздаги барча театр жамоасида “ёш драматург”, “ёш режиссёр”, “ёш рассом”, “ёш композитор” ва “саҳна нутқи ва маданияти” ва бошқа ижодий клублар ташкил этилмоқда.

“Тошкент баҳори” V халқаро опера ва балет санъати фестивали 2019 йил 20 апрель – 5 май кунлари Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида ўтказилди. Мазкур фестиваль доирасида юртимиз ва жаҳон опера, балет санъати усталари ижросидаги спектакллар томошабинларга ғоят манзур бўлди.

Концепцияда жойлардаги олий таълим муассасалари базасида музейлар, маданият ва аҳоли дам олиш марказлари, маданият ва истироҳат боғлари раҳбарлари ва ходимларининг минтақавий малака ошириш курсларини ташкил этиш ва бунда олий таълим муассасаларининг базасидан фойдаланиш вазифаси ҳам белгиланган. Унга кўра Маданият, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларининг қўшма қарори қабул қилинди ва тегишли тарзда ишлар йўлга қўйилди.

Болаликдан эстетик дид ва санъат ҳақидаги бошланғич тушунчаларни ҳосил қилиш мақсадида мактабгача таълим муассасалари учун Ўзбек миллий мақом санъати маркази томонидан “Болалар учун мақом куйлари” номли аудио диск яратилиб, фойдаланиш учун Мактабгача таълим вазирлигига тақдим этилди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар, Ўзбекистон халқ артистлари, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари ҳамда таниқли санъаткор ва ижодкорлар томонидан болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда маданият марказларида таҳсил олаётган ёшларга “маҳорат дарслари” доимий равишда ўтказилмоқда.

Вазирлик томонидан маданият ва истироҳат боғлари инвентаризациядан ўтказилди ҳамда республика бўйича жами 50 та маданият ва истироҳат боғини давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорларга бериш режалаштирилган.