English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий маданиятимиз ва санъатимиз фидойиси эди
14:25 / 2023-02-14

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон Республикаси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев 72 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Маданият ва туризм вазирлиги хабар берди.

Бахтиёр Сайфуллаев 1951 йилнинг 1 апрелида Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1972 йилда Тошкент давлат театр ва рассомлик санъати институтини тамомлаган.  

Ўз меҳнат фаолиятини 1972 йилда Республика ёш томошабинлар театри актёри ва режиссёри сифатида бошлаган Бахтиёр Сайфуллаев кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири лавозимида ҳам фаолият олиб борган эди. Бахтиёр Сайфуллаев 500 дан ортиқ йирик оммавий байрам тадбирлари ва сценарийларининг муаллифи эди. Миллий маданият ва санъат ривожига оид 10 дан ортиқ қўлланма, монография, 100дан зиёд илмий мақолалар ёзган.  

Маълумотларга кўра, Бахтиёр Сайфуллев 2005 йилдан Маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари бўлган. 2012 йилдан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори лавозимида ишлай бошлаган. 2017 йил августида эса Маданият вазири, Ўзбекистон Давлат консерваториясига ректор этиб тайинланган эди.  

2020 йилнинг 18 январида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев фармони билан сенатор этиб тайинланган, 20 январь куни янги таркибдаги Сенатнинг илк ялпи мажлисида Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси этиб сайланган эди.  

Таниқли давлат ва жамоат арбоби Б.Сайфуллаевнинг юртимиз тараққиёти йўлида олиб борган самарали фаолияти давомида эришган ютуқлари мамлакатимиз раҳбарияти томонидан эътироф этилиб, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Қорақалпоғистон Республикаси санъат арбоби фахрий унвони ва “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.  

Бахтиёр Сайфуллаев миллий маданиятимизни ривожлантириш, унинг ютуқларини халқаро миқёсда тарғиб этиш йўлида жонбозлик кўрсатган инсон, мамлакатимиз ижодкор зиёлиларининг илғор вакили сифатида халқимиз, шогирдлари учун айниқса қадрли инсон эди.    

 

ЎзА