Бухоро вилояти божхона бошқармаси вакиллари томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида экспортни кенг тарғиб қилиш ҳамда маҳсулотларни божхона ҳудудида қайта ишлаш орқали хориж бозорларига олиб чиқиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида сайёр учрашувлар ташкил этилмоқда.
Шундай учрашувлардан бири яқинда “Бухоро миллий либослари” оилавий корхонасида бўлиб ўтди. Мазкур корхона жорий йил давомида қиймати 7 минг АҚШ долларига тенг, умумий вазни 14 тонна бўлган кийим-кечак ишлаб чиқариш саноати учун зарур товарлар ҳамда пластик-металл буюмларни импорт тарзида расмийлаштирган.

Бугунги кунда корхона томонидан сифатли ва замонавий кўринишга эга, қўл меҳнатига асосланган миллий либослар бутун республика бўйлаб етказиб берилмоқда. Эндиликда эса ушбу маҳсулотларни миллий бренд даражасига кўтариб, хорижий давлатларга ҳам экспорт қилиш йўлида изланишлар олиб борилмоқда.

Учрашув давомида божхона органи масъуллари корхона вакилларига божхона ҳудудида қайта ишлаш тартиб-таомиллари, тайёр маҳсулотларни экспортга йўналтириш жараёни ва бунда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш бўйича тушунтиришлар берди.

Шунингдек, миллий маҳсулотларнинг ўзига хос услуб ва ноёб дизайнлари хорижий бозорларда кенг тарғиб этилиши, уларни “Made in Uzbekistan” ёрлиғи остида харидорларга танитиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бу нафақат корхонанинг иқтисодий салоҳиятини ошириш, балки мамлакатимиз миллий қадриятлари ва маданий меросини халқаро миқёсда тарғиб этишда ҳам муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА