Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги арафасида Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан Олмазор туманида «Осиё рамзи» Ўзбекистон дизайнерлар ва модельерлар уюшмаси билан ҳамкорликда «Либосларда қадрият акси» мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Мазкур маърифий тадбирга Олмазор туманида истиқомат қилувчи хотин-қизлар, уй бекалари, таълим муассасалари ўқитувчилари, мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари, ўқувчи ва талабалар таклиф этилди.
Бугунги кунда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга, халқимизда миллий анъана ва қадриятларга нисбатан ҳурмат туйғусини шакллантириш, асрий анъаналаримизнинг мазмун-моҳиятини ёшларга тўғри етказиш ғоят долзарб саналади.
Тадбирда либоснинг инсон саломатлигига таъсири, маънавий дунёқарашини шакллантиришдаги аҳамияти, қадриятлар, бағрикенглик, миллий анъаналарни эъзозлаш ғоялари турли шаклларда ва ижтимоий роликлар орқали тарғиб этилди.
Тадбир давомида оилавий ва маънавий муҳит, фарзанд тарбияси, айниқса, ёш қизларни камол топтириш, оилаларни асраш, жамиятда соғлом иқлим яратиш, миллий ва замонавий кийиниш, эстетик дид, жамиятдаги юриш-туриш, одоб-ахлоқ қоидалари бўйича хабардорликни ошириш, оила қадрияти, миллий урф-одатлар, кийиниш маданияти ва бугунги кундаги уйғунлашуви борасида фикрлар билдирилди.
«Осиё рамзи» Ўзбекистон дизайнерлар ва модельерлар уюшмаси, шунингдек, машҳур, маҳоратли модельер-дизайнерлар «Мурсак», Диёра Усмонова ва Мадина Қосимбоева, IDEAL GARMENTS (ISTIQLOL TEKSTIL DIZAYN, ООО), Narimteks Llc Margʼilon, "Pronto Textile Group", Дилноз Эркинова, Умида Мўминова, Денис Томилин, Камила Миларнинг миллий либослар коллекцияси айнан, миллийлик билан уйғунлашган (шунингдек, турли соҳаларда ишлайдиган аёл ходимларнинг, уй бекаларининг жамоат жойлари ва уй ичида кийиладиган либослари бўйича) умум эътироф этилган нормалар бўйича тайёрланган либослар кўргазмаси (подиум) намойиш қилинди.
Бу каби маърифий намойишлар миллий либосларни тарғиб этиш, аҳоли онгини турли зарарли таъсирлардан ҳимоялаш, ёш дизайнерларни қўллаб-қувватлаш, халқимизнинг кўп асрлик ўтмиш маданияти, урф-одат ва анъаналари, диди, эстетик қарашлари шунингдек, ташқи қиёфа, либос борасида ўзига хос хусусиятларини намойиш этиш имконини бергани билан аҳамиятли бўлди.
Тадбир давомида барча тоифадаги хотин-қизлар, уй бекалари, ўқувчи-талаба қизлар, ёш келинлар, турли ташкилотларда фаолият кўрсатаётган ходималар ўртасида миллий қадриятларни тарғиб этиш, уларнинг кийиниш услубини янада такомиллаштириш, кийиниш маданиятига янги услуб ва тамойилларни тавсия этишга алоҳида аҳамият қаратилди.
Н.Усмонова, ЎзА