Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий кутубхонадан қандай фойдаланиш керак? (+видео)
15:49 / 2023-09-29

Ижтимоий тармоқларда пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонага киришда китобхонларга бир қанча чекловлар қўйилгани ҳақида танқидий фикрлар билдирилди.

Мазкур кутубхонага китобхонлар ўзлари билан егуликлар, ҳаттоки сув ҳам олиб кириши мумкин эмаслиги, очиқ-сочиқ либосларда кутубхонага кириш бўйича чекловлар ҳақидаги изоҳлар кўпчиликда эътироз ўйғотди. 

ЎзА ижодкорлари мавзу юзасидан репортаж тайёрлади. 

Хўш, аслида кутубхонадан фойдаланиш маданиятини биламизми? Ижтимоий тармоқларда бу каби эътирозлар тарқалишига сабаб нимада? 

— Бутун дунё бўйича кутубхоналарда ички тартиб-қоида бор, — дейди Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона директор ўринбосари Насиба Холдорова. — Биз ҳам айнан ўша қоидаларга амал қилган холда Миллий кутубхонанинг ички тартибларини ишлаб чиққанмиз. Ички тартиб-қоида деганимизда биз, албатта кутубхонадаги китоблардан қандай фойдаланиш, китоб ўқиш маданияти ва қайси тоифадаги ўқувчилар бу ерга қабул қилиниши бўйича батафсил тушунтирганмиз. Ёшлар буларни камчилик деб билишяпти. Бу камчилик эмас, ваҳоланки Миллий кутубхона Ўзбекистондаги энг йирик кутубхона бўлгани учун умуммиллий ахборот ресурсларни жамловчи маскан. Бу ахборот ресурсларни келажак авлодга бус-бутунлигича етказиш бизнинг вазифамиз. 

Кутубхонамизда 153 йиллик йиғмажилд газеталаримиз бор. Китоб ёки газета варақларидаги ўзига керакли жойини қирқиб кетадиган китобхонларимиз ҳам бор. Бир кунда кутубхонага кирадиган 1 минг 500 фойдаланувчининг ҳаммасини назорат қилишнинг имкони йўқ. 

— Сув ёки егулик олиб кириш мумкин эмас, деган фикрларга қандай изоҳ берасиз? 

— Оддий газланмаган сувларни олиб киришлари мумкин. Аммо газли, рангли сув олиб кирилишига рухсат берилмайди. Сабаби газли, рангли  сувларни очганда китобга тўкилиб, унинг сифатини бузиши мумкин. 

Кутубхона маърифат маскани, асло овқатланадиган маскан эмас. Ўқиш залларига егулик олиб киришга рухсат берилмайди. Чунки нон ушоғи ёки овқат қолдиқлари тушган жойда кемирувчилар, яъни китобга зиён етказувчи ҳашаротлар кўпайишни бошлайди. Кутубхонамизда овқатланиш учун алоҳида ошхона бор, ўша жойда таомланишга рухсат берилади. 

— Егуликку майли, нима учун либосларга ҳам чекловлар белгиланган? 

— Миллий кутубхонада йилига бир маротаба фойдаланувчиларнинг таклифлари, фикр-мулоҳазаларини эшитиш анъанага айланган. Калта, очиқ-сочиқ кийимлар кийишга фойдаланувчилар томонидан эътирозлар бўлгани учун маънавият масканида кийим-бошга ҳам алоҳида эътибор қаратиб, тартиб-қоида киритганмиз. 

Европада кутубхонага бахтли инсонлар киради, деган қараш мавжуд. Мулоҳазаларимизни хориждаги кутубхоналарда ўрнатилган тартиб-интизомлар хусусидаги фикрлар билан давом эттирсак. 

Бу борада хориждаги кутубхоналардан доимий равишда фойдаланувчи Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессори Гулноз Халлиеванинг фикрларига қизиқдик. 

— Хўш, хориждаги кутубхоналардан китобхонлар фойдаланишлари учун қандай тартиб ўрнатилган? 

— Ҳар бир кутубхонанинг ўз қонун-қоидаси, фойдаланиш тартиби бор. Жумладан, мен кузатган Европа кутубхоналарида ҳам ҳар жойда ҳар хил тартиб ўрнатилган. Масалан, Австрия, Нидерландия давлатидаги кутубхоналардан фойдаланиш пуллик. Сиз пул тўлаганингиздан сўнг номингизга карта очилади, сўнг фойдаланишингиз мумкин. Франция, Германия, Финляндия Люксембургда кутубхонадан фойдаланиш бепул. У ерга паспортингиз билан кирасиз ва сизнинг номингизга муддатли карта очилади. Айрим жойларда карта ҳам очилмайди, пул ҳам тўланмайди. Фақат логин ва пароль берилади ва шунга қараб фойдаланаверасиз. 

—Ўқувчилардан энг аввало қандай интизом талаб этилади? 

— Мен борган жойларда, энг аввало тинчлик талаб этилади. Айниқса, ноёб китоблар залига кирсангиз, жим-жит муҳит яратилган. Мабодо овозингиз озгина баландроқ чиқса, кутубхона ходими келиб огоҳлантиради. Ҳар бир кутубхонага кираверишда кутубхонадан фойдаланиш қонун-қоидаси ёзиб қўйилган. Китобхонлар, албатта унга амал қилиши шарт. 

—Хориждаги кутубхоналарга қайси касб эгалари энг кўп ташриф буюради? 

— Россия, Германия, Франция кутубхоналарида талабалар ва ўқитувчилардан ташқари ёши 80 дан ошган инсонларни кўриш мумкин. Кутубхона муҳитида бадиий асар ўқиш уларга бошқача завқ ва шавқ беришини айтишади. Финляндия, Австрия, Люксембург, Швеция, Швейцарияда асосан талабалар, ўқитувчилар, тадқиқотчиларни учратиш мумкин. 

— Хориж кутубхоналарида егулик олиб кириш ёки либослар масаласида ҳам чекловлар борми? 

— Буларга кўп бора эътибор берганман. Айниқса, қўлёзмалар сақланадиган хоналарга ҳатто оддий сув ҳам олиб кириш мумкин эмас. Сабаби сув тегиб уларни зарарлаб қўйишларидан қўрқишади. Бу махсус қонун-қоидалар билан ёзиб қўйилган. 

Егулик масаласида булочка ёки фаст-фуд олиб кирилишида ҳам чекловлар қўйилган. Ичкарига егулик олиб кириш мумкин эмас. У ерда кийиниш масаласида чекловлар йўқ. Мен 13 та давлатнинг кутубхоналарида бўлдим. Бирортасида кутубхонага мос кийинмаган инсонларни учратмадим. 

—Китобхонларга турли талаблар қўйилишини қандай баҳолайсиз? 

—Кутубхона маданий маскан. У ердаги тартиб-қоидаларга амал қилиши, кимгадир халақит бермаслиги шарт.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/0a3HJDufhSA" title="Миллий кутубхонадан қандай фойдаланиш керак?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Нигора Раҳмонова, Аброр Содиқов(видео), ЎзА