Кейинги йилларда китобхонликка бўлган эътибор мисли кўрилмаган даражада ўзгарди. Халқимизни маърифатли, яхши китобга, адабиётга ошно этишдек эзгу мақсад давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган янгиланиш жараёнларида ҳамиша устувор ўрин эгаллаб келган. Айни масалага Президентимиз раислигида 2023 йил 22 декабрда бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ҳам алоҳида эътибор қаратилди, илғор ташаббуслар, ибратли ғоялар илгари сурилди.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси китобхонликни тарғиб этиш, ривожлантириш бўйича баҳолиқудрат, энг фаол ҳисса қўшиб келаётган маърифий масканлардан саналади.
Бу ерда “ёшлар китоб ўқимай қўйди” ёки “китобхонлик бугун ҳеч кимни қизиқтирмай қўйди” қабилидаги ноўрин иддаолар барҳам топади. Зиё маскани доим китобхонлар, айниқса ёшлар билан гавжум. Ўқув заллари китобхонлар билан тўлиб кетганидан айрим пайтларда бўш жойнинг ўзи топилмай қолиши аслида жуда қувонарли ҳолатдир.
Кутубхонага ёшлар таълим масканида берилган вазифани бажариш, кимдир эса тадқиқот ёки илмий изланиши учун материал тўплаш, бошқа биров шунчаки мароқли мутолаа учун келади. Лекин нима бўлганда ҳам, мазкур мўътабар даргоҳ ўқишга, изланишга, ўз устида ишлашга ундаётгани, рағбат бераётгани эътиборга моликдир.
Хўш, кутубхонага ташриф буюраётганлар кўпроқ қайси китобларни ўқимоқда?
Китобхонлар орасида кўп мутолаа қилинаётган ва кўп сўров бўлаётган китобларни аниқлаш мақсадида “Охирги мутолаа қилган китобингиз – муаллифи, номи, йўналиши” деган савол билан мурожаат қилинди. Сўровномада ҳар бир иштирокчи ўз фикрини ёзиб қолдириши мумкин бўлган шакл яратилди. Натижалар ўрганилиб, таҳлил қилинганида иштирокчилар томонидан энг кўп эътироф этилган китобларнинг қуйидаги ўнталик рўйхати шакллантирилди:
1. Ўзбек тилининг изоҳли луғати;
2. “Саодат асри қиссалари”, Аҳмад Лутфий Қозончи;
3. “Фарғона тонг отгунча”, Мирзакалон Исмоилий;
4. “Ёз ёмғири”, Ўлмас Умарбеков;
5. “Бегона”, Альбер Камю;
6. “Ўлсанг, ким йиғлайди”, Робин Шарма;
7. “Ўгай она”, Аҳмад Лутфий Қозончи;
8. “Қўрқма”, Жавлон Жовлиев;
9. “Атом одатлар”, Жеймс Клир;
10. “Рақамли қалъа”, Ден Браун.
Айтиш керакки, Миллий кутубхона китобхонликни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ўнлаб маърифий лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Жумладан, “Меҳр кутубхонаси” лойиҳаси доирасида алоҳида эҳтиёжли болаларнинг бадиий адабиётга ва мутолаа қилишга бўлган меҳрини ошириш, китоблардаги бетакрор оламни очиш мақсадида турли маърифий ўйинлар, викториналар, танловлар мунтазам ташкил этиб борилади.
“Мовий жомадон саёҳатда” лойиҳаси кичик ва ўсмир ёшдаги болаларнинг китобга бўлган қизиқишини оширишга қаратилган бўлиб, жойларда кўчма кутубхоналар ташкил этилиб, олиб борилган барча китоблар кенг китобхонлар оммасига мутолаа учун тавсия қилинади. “Китобхон оналар куни” лойиҳаси давомида эса ёш оналарга фарзандларини китобхонликка ўргатиш бўйича тасвиялар бериш, оналарни ҳам мутолага даъват этиш, китоб орқали ўғил-қизларга меҳр-эътиборни кучайтириш кўзда тутилган.
Айни пайтда “Очиқ осмон остида кутубхона”, “Шаҳар кўчалари адиблар номи билан”, “Ўз шаҳрингни яёв кезиб ўт!”, “Book-slam” китоб, “Постерлар танлови” каби маърифий лойиҳалар ҳам мутолаа маданиятини оширишда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилувчи “Инфолиб Ўзбекистон” ҳафталиги эса китобхонлару, кутубхоначилар, ахборот-ресурс марказлари мутахассислари, тадқиқотчилар, ўқитувчилар учун бирдек фойдали, мазмунли лойиҳалардан бири бўлиб келмоқда. Ёзувчи ва шоирлар иштирокидаги адабий анжуманлар, давра суҳбатлари, жонли мулоқотлар китобхонлик тарғиботида ўзига хос аҳамият касб этмоқда.
Назокат Усмонова, ЎзА