Миллий кутубхона фонди янги адабиётлар билан бойиди
Кутубхонага тақдим этилган китоб ва рисолалар кенг ўқувчилар оммасига мўлжалланган.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ШҲТнинг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази томонидан тақдим этилган китобларни топшириш маросими бўлиб ўтди.
Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда ШҲТнинг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази билан ШҲТга аъзо давлатлар жамоат ташкилотлари ўртасида кўп ва икки томонлама алоқалар изчил ривожланаётгани, жумладан, Хитойнинг яқин қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик қўмитаси билан ҳам самарали ҳамкорлик йўлга қўйилгани қайд этилди.
Кутубхонага тақдим этилган китоб ва рисолалар кенг ўқувчилар оммасига мўлжалланган.
– Бу китоблар ўқувчиларга Хитой ўтмиши, маданияти ва урф-одатлари билан яқиндан танишиш имконини беради, – деди Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Су Лэй. – Қолаверса, бундай ҳамкорлик халқларимиз ўртасида яқин қўшничилик, дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тадбир якунида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фондини ШҲТга аъзо давлатларнинг адабий нашрлари билан тўлдириш бўйича ҳамкорлик келгусида ҳам давом этиши таъкидланди.