Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси томонидан мамлакатимизда ходимларни ўз функционал вазифасига кирмайдиган фаолият турларига, шунингдек, мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатлари доимий таҳлил қилиб борилмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш муҳимки, республикада пахта йиғим-терим мавсумида ходимларни йиғим-терим ишларига мажбурий жалб этиш каби салбий ҳолатларга тўлиқ барҳам берилган.
Лекин шу билан биргаликда айрим тармоқларда ходимларни ўз функционал вазифасига кирмайдиган ишларга жалб этиш фактлари учраётгани саноқли бўлса-да мавжуд.
Жорий йилнинг 9 ойи давомида Миллий комиссиянинг саъй-ҳаракати билан барча тармоқлар бўйича жами 21 нафар мансабдор шахс, хусусан, халқ таълими тизимидаги 9 нафар, тиббиёт соҳасидаги 5 нафар мансабдор шахс ходимларни мажбурий меҳнатга жалб этгани сабабли Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддасига асосан жавобгарликка тортилган.
Миллий комиссия бу каби ҳолатларни тўлиқ қоралайди ҳамда нафақат Халқ таълими ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, балки бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда ходимларнинг ўз функционал вазифаларидан бошқа ишларга жалб этилишининг олдини олиш бўйича зарур чораларни кўриб боради.
Бу борада Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қошидаги Давлат меҳнат инспекцияси ходимларни ўз функционал вазифаларидан бошқа ишларга жалб этилиши ҳолатларига барҳам бериш бўйича назоратни кучайтириши, айбдор мансабдор шахсларни қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш ишларини янада кучайтириши зарур.
ЎзА