"Миллий иттиҳод" — "Иттиҳоди тараққий" Туркистон жадидлари ташкилоти ҳисоблани, Мунавварқори ва Садриддинхон Шарифхўжаев ташаббуси билан Тошкентда тузилган.
"Миллий иттиҳод" болшевиклар режимига қарши курашда совет муассасаларида хизмат қилаётган миллий раҳбар ходимларга таянган ва ўз олдига Туркистонда миллий мустақил давлат барпо этишни бош мақсад қилиб қўйган. Ташкилот фаолиятида Мунавварқоридан ташқари Т.Жонузоқов, Ашурали Зоҳидий, У.Асадуллахўжаев, Саид Ахрорий, С.Тиллахонов ва бошқалар муҳим рол ўйнаган.
Вилоятларда шуъбалари бўлган. 1920 йилдан Мунавварқори Бухоро Халқ Совет Республикаси ҳукуматида ишлаши муносабати билан ташкилот маркази Бухорога кўчган. Бу даврда ташкилотнинг асосий мақсади Бухоро республикаси, умуман, Туркистон минтақасини советлаштириш ва руслаштириш таъсиридан сақлаб қолиш, юрт мустақиллигига эришиш эди. "Миллий иттиҳод" аъзолари советларга қарши қуролли ҳаракат раҳбарлари билан алоқа ўрнатган.
Ўрта Осиёда миллий-ҳудудий чегараланиш ўтказилиши арафасида – 1924 йил охирларида ташкилот маркази қайта Тошкетга кўчади. Ўзбекистон ССР ташкил топгач, ГПУ томонидан ҳар томонлама сиқувга олинган "Миллий иттиҳод" 1925 йил бошларида ўзини тарқатилган, деб эълон қилган. Кейинчалик унинг асосида "Миллий истиқлол" яширин ташкилоти тузилган.
"Жадидлар — миллат қаҳрамонлари" лойиҳасининг бу галги сонида Фанлар академияси Тарих институти таянч докторанти Асадилло Ҳасанов "Миллий иттиҳод" — "Иттиҳоди тараққий" Туркистон жадидлари ташкилоти ҳақида маълумот беради.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/EtNq-9xajDA" title=""Milliy ittihod" — Turkiston jadidlari tashkiloti" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА