Мамлакатимизда ташқи иқтисодий фаолиятни ривожлантириш, хорижий мамлакатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, юқори сифатли рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш асосида жаҳон бозоридан мустаҳкам ўрин эгаллаш орқали миллий иқтисодиётнинг экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 26 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам айни мавзуга алоҳида тўхталиб ўтилди. Эришилган ютуқлар билан бир қаторда галдаги вазифалар белгилаб берилди. Ана шулар хусусида иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Жасурбек Отаниёзов ЎзАга қуйидагиларни сўзлаб берди.
– Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида миллий иқтисодиётда чуқур таркибий ислоҳотлар орқали узоқ муддатли барқарор ўсишни таъминлашнинг қатор муҳим йўналишлари белгилаб берилди. Хусусан, мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш устувор йўналишлардан бири сифатида қайд этилди. Бу борада 2026 йилда кимё саноатида – 4,5 миллиард долларлик, тоғ-кон металлургия, нефть-газ, автомобилсозлик, тўқимачилик ва қурилиш материаллари тармоқларининг ҳар бирида – 3 миллиард доллардан, электротехникада – 2 миллиард долларлик, фармацевтикада – 800 миллион долларлик янги лойиҳаларни ишга тушириш, шу тариқа 2026 йилда жами экспортни 40 миллиард долларга етказиб, тайёр ва ярим тайёр маҳсулот улушини 55 фоиздан ошириш лозимлиги таъкидланди.
Эътироф этиш керак, юртимиз экспорт ҳажми 2024 йил якунида 26,9 миллиард долларни ташкил этган ҳолда 2017 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 13 миллиард долларга ошди. Давлатнинг жаҳон бозорларида мустаҳкам ўрин эгаллаши ва унинг ташқи иқтисодий салоҳиятининг ортиши кўп жиҳатдан миллий иқтисодиётнинг экспорт имкониятларини янада оширишга боғлиқдир. Экспорт салоҳиятини ошириш орқали миллий иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш мақсад қилинган.
Глобал савдо тизимида “ўйин қоидалари” ўзгараётган бир пайтда бу йил мамлакатимиз экспортини 23 фоизга ошириб, 33,4 миллиард долларга етказиш белгиланган. Бунинг учун ташқи иқтисодий фаолиятда савдо ҳажми ва экспортни тизимли равишда жадал оширишга қаратилган таркибий ўзгаришлар амалга оширилмоқда, хусусан, иқтисодиёт тармоқлари фаолият кўрсатишининг барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектларнинг экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзли тизим жорий этилган.
Аввало, экспорт соҳасида иқтисодий ислоҳотларни либераллаштириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Экспорт билан шуғулланувчи корхоналар учун рухсатнома ва лицензиялаш жараёнлари соддалаштирилди, маъмурий тўсиқлар қисқартирилди. Бу тадбирлар тадбиркорларни ташқи бозорга чиқишга рағбатлантириб, экспорт фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда. Шунингдек, давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари жорий этилди. Экспортчиларга имтиёзли кредитлар, субсидия ва кафолатлар тақдим этилмоқда. Шу билан биргаликда IT хизматлари экспортини қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентимиз томонидан кейинги йилдан “Рақамли стартаплар” дастурини кенгайтириб, стартап ғоясидан то экспортгача кўмаклашадиган янги тизимни йўлга қўйиш, бунда хусусий стартап марказларини ташкил этиш учун Ёшлар жамғармасидан беш йил муддатга 5 миллиард сўмгача фоизсиз ссуда бериш масаласи алоҳида қайд этилди.
Умуман олганда миллий иқтисодиётда ташқи савдо муносабатларини ривожлантиришда бу каби имтиёзли шароитларнинг яратилиши халқаро иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш ҳамда мамлакат экспорт салоҳиятини оширишдаги энг долзарб масалалардан ҳисобланади. Шу билан биргаликда, экспортни ривожлантириш мамлакатга хорижий валюта кириб келишини таъминлашда, жаҳон бозоридаги кескин рақобатлашув шароитида миллий ишлаб чиқарувчиларнинг юқори сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар билан жаҳон бозорларига чиқишини фаоллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
ЎзА мухбири
Гўзал Сатторова ёзиб олди.