Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий иқтисодиётимиз ривожи – фаровон турмушимиз манбаи
12:31 / 2020-12-30

Президентимизнинг халқимиз, фарзандларимиз, бутун мамлакатимиз келгуси ҳаётини белгилаб берадиган Парламентга мурожаатини катта қизиқиш билан тингладик.

Маълумки, кейинги йилларда ортга назар ташлаб, келажакни кўра олиш, жамиятимизда юзага келиши кутилаётган ўзгаришларни бамаслаҳат ҳал этиш ҳаёт тарзимизнинг муҳим бўғинига айланди. Шунга мувофиқ жорий йилги Мурожаатномада ҳам якунланаётган йил натижалари чуқур таҳлил қилиниб, ислоҳотлар самаралари аниқ мисоллар асосида шарҳлаб берилди. Янги йилдаги эзгу режалар белгилаб олинди.

Дарҳақиқат, синовларга бой бўлган 2020 йилда халқимиз иродаси янада мустаҳкамланди. Пандемия шароити бўлишига қарамай иқтисодиётимизда ўсиш кузатилди. Жумладан, ўтаётган йил Сурхондарё вилоятида ялпи ҳдудий маҳсулот ҳажми 25 триллион сўмдан ортиқни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 102 фоиздан кўпроққа ўсиш суръати таъминланмоқда. Йилнинг ўтган даврида 1.6 триллион сўмга тенг 448 та ўрнига  қиймати 2.4 триллион сўмлик 733 та катта-кичк лойиҳа амалга оширилиб, 6.4 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди.  

Бу рақамларни келтиришмдан муддао–халқ депутатлари вилоят кенгашида саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалик ва аҳолига хизмат кўрсатиш масалалари бўйича доимий комиссия раиси сифатида якунланаётган йилда соҳада эришилаётган ютуқлар ва дуч келинган муаммоларни атрофлича ўрганаяпмиз. Комиссия аъзолари билан таҳлил қилиб бораяпмиз. Синовларга бой бўлган йилда амалга оширилган лойиҳаларнинг 802 миллиард сўмлиги ёки 191 таси саноат соҳасида, 849 миллиард сўмлик 338 таси қишлоқ хўжалигида, 753 миллиард сўмлик ёки 204 таси хизмат кўрсатиш йўналишида ишга туширилди. Бойсун туманида мамлакатимизда ягона бўлган фармацевтика саноати учун ноёб хом ашё–қўй жунидан ланолин ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Бунинг учун “Бойсунлано” масъулияти чекланган жамияти пандемия шароитда ҳам карантин чекловларига қатьий амал қилган ҳолда меҳнат қилиб, хориждан келтирилган замонавий ускуналарни маҳорат билан ўрнатди. Қиймати 10 миллиард сўмлик корхонада йилига 17 минг тонна қўй жунидан янги турдаги маҳсулот–ланолин ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.  

Бир пайтлар аграр воҳа бўлган ҳудудда эришилаётган бу ютуқлар замирида бевосита давлатимиз раҳбари ғояси билан ҳудудларни комплекс ривожлантириб, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини, иқтисодиётнинг рақобатбардошлик даражасини ошириш, экспорт салоҳиятини юксалтириш ва янги иш ўринлари яратишдек эзгу мақсад мужассам. Зеро, саноатни ривожлантириш, унинг етакчи тармоқларини техник ва технологик қайта жиҳозлаш, инновациялар асосида тараққий эттириш иқтисодий ўсишнинг жаҳонда синалган муҳим омилларидан биридир.  

Ҳудудларни ривожлантиришга тамомила янгича ёндошув вилоятда ўз самарасини бериб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг нафақат саноат балки, транспорт, қурилиш, хизматлар кўрсатиш ва бошқа тармоқларда фаолият юритиш кўламини кенгайтирмоқда. Хусусан, пандемия сабабли мамлакатимизда карантин чекловлари жорий этилган йилда воҳада 7 минг 163 та янги тадбиркорлик субьекти ташкил этилгани ҳам бунга яққол мисолдир. Соҳани қўллаб-қувватлаш учун тижорат банклари томонидан 3 триллион сўмдан ортиқ кредит маблағи ажратилгани кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка қаратилаётган эътиборнинг амалдаги ифодасидир, дейиш мумкин.  

Хусусий бизнесга эътибор кучайтирилиб, улар ҳар тарафлама қўллаб-қувватланаётгани импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришга кенг имконият яратмоқда. Ўтаётган йилда вилоятда 21 та импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш лойиҳаси ўзлаштирилгани саноат маҳсулотларини импорт қилиш кўрсаткичини 2018 йилга нисбатан 137,9 миллион долларга камайтирди.

Мурожаатномада иқтисодиётимизни янада юксалтириб, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, кичик саноат зоналари, ҳудудий кластерлар, махсус логистика марказлари барпо этиш бўйича галдаги вазифалар белгилаб берилди. Давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш, бунинг учун хусусийлаштириш жараёнини фаоллаштириб, ҳалол рақобат муҳитини шакллантириш юзасидан кўриладиган чора-тадбирлар алоҳида таъкидлаб ўтилгани иқтисодий мармоқларда мавжуд муаммоларга  чек қўйишда яхши самаралар беради. Миллий иқтисодиётимизни янги босқичда юксалтириб, мамлакатимиз ободлиги, юртимиз фаровонлиги ва одамларнинг бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшашига хизмат қилади.

 

Дилфуза Жўраева, Сурхондарё вилоят давлат архиви

директори, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати