ФОТОРЕПОРТАЖ
Нукус шаҳридаги “Дўстлик” канали бўйида “Ҳунарманд” уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида “Миллий либослар” ва “Кашталар жилоси” каштачилик ва миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазма-фестивали бўлиб ўтди.
Унда моҳир ҳунарманд, касаначи ва санъат усталари, дизайнерлар, оилавий тадбиркорлар, маҳалладаги фаол хотин-қизлар, уй бекалари ўз қўл меҳнати маҳсулоти билан қатнашди.
Фестиваль миллий ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш, ҳудудий ҳунармандлар ижодий ишларини намойиш қилиш, янги иш ўринлари яратиш, ҳунармандчилик маҳсулотларининг халқаро кўргазмалардаги иштироки ва савдосини ташкил этишга кўмаклашиш, шунингдек амалий санъатга қизиқиши бўлган истеъдодли ёшларни тўгаракларга жалб этиш мақсадига қаратилган.
[gallery-23929]
Тадбир доирасида ташкил этилган кўргазмаларда маҳоратли дизайнерлар томонидан миллий каштачилик, ҳунармандчилик ва замонавийлик уйғунлашган янги либослар дефилеси, қизиқарли концерт дастурлари, амалий санъат намуналари томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.
Якунда фестивалда маҳсулотлари юқори баҳоланган иштирокчилар Меҳрибон Жуманиёзова биринчи, Албина Сарсенгалиева иккинчи, Зерхан Абдимуратова ва Зиёда Самбетова учинчи ўринни қўлга киритди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА