Миллий гвардиянинг Нукус полигонида фожиали ҳолат юз бергани, 8 нафар ҳарбий жароҳатланди ҳақида хабарлар тарқалди.
Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Миллий гвардия ахборот хизматига мурожаат қилдик.
Маълум қилишларича, “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида”ги қонун талаблари асосида Миллий гвардия шахсий таркибининг доимий жанговар шайлигини таъминлаш ва тайёргарлигини замон талабларига мос такомиллаштириб боришга қаратилган чора-тадбирлар доирасида жорий йилнинг 10 сентябрь куни Нукус дала ўқув майдонида амалий ўқув машғулоти ташкиллаштирилган.
Машғулот давомида ўқув машғулоти учун мўлжалланган портловчи махсус воситанинг детонация шнури чақнаши натижасида кичик портлаш юзага келган.
Машғулот иштирокчиларидан 10 нафарга яқин ҳарбий хизматчи турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Уларга ўз вақтида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган ва ҳозирда кўрилган зарур чоралар натижасида ҳарбий хизматчиларнинг соғлиги тикланмоқда.
Ҳолат юзасидан эса хизмат суриштируви тайинланган ҳозирда мутасадди раҳбарлар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА