Фарғонада мансабдор лавозимларда ишловчи танишлари орқали бир нафар фуқарони Миллий гвардияга ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, 300 доллар олган икки шахснинг қилмиши фош бўлди. Суд томонидан уларга тегишли жазо тайинланди.
Фирибгарлик қилган Б.Исақов ва Б.Розиқов ҳеч қаерда ишламайди. Назаримизда бекорчилик уларни шу йўлга ундаган. Алдов йўли билан даромад топиш мақсадида жиноятга қўл урди.
Гап шундаки, Б.Исақов Фарғона шаҳридан Риштонга кетаётган вақтда Миллий гвардияга ишга кирмоқчи бўлаётган Т.А. билан танишиб қолади. Суҳбат орасида у ўзини Фарғона шаҳар ИИО ФМБ жиноят қидирув бўлими ходими деб таништирган. Телефон рақамини бериб, хизмат бўлса тайёрлигини айтган. Бироз вақт ўтгандан сўнг Т.А.га телефон қилиб, Миллий гвардияга ишга қабул бўлаётганлигини маълум қилиб, учрашишга келишади.
Улар учрашгандан сўнг Б.Исақов таниши Б.Розиқовни ички ишлар органига алоқадор шахс сифатида таништирган. Шундан сўнг уни бир неча бор Миллий гвардия биносига олиб борган. Гўёки барча ишлар ҳал бўлаётгандек кўрсатиб, ундан тиббий ҳужжатларни тўғрилаш ва ишга киритиш учун 2000 доллар сўрайди. Т.А. бунга имконияти йўқлигини айтгач, 600 долларга рози бўлишади. Бир неча кундан сўнг келишилган пулдан 300 долларини олишган, қолганини эса ҳарбий кийим кийганидан сўнг берасиз, дея чув туширишган. Аммо вақт ўтсада, улар турли баҳоналар билан Т.А. ва унинг дадасини алдаб, иш ҳал бўлаётганлигини айтади. Шундан сўнг ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ариза билан мурожаат қилишга тўғри келди. Фирибгарларнинг найрангига чек қўйилди.
Маҳкамжон Абдубаннопов,
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг судьяси
ЎзА