Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий гвардиядан хайрли ташаббус
12:10 / 2021-08-09

Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ташаббуси билан Бухоро шаҳридаги 32-сонли меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилди.

Саёҳат Мирзо Улуғбек расадхонаси зиёрати билан бошланди. Регистон майдони, Амир Темур, Шоҳи Зинда мақбаралари, шунингдек, биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг қабрларини зиёрат қилиш билан давом этди.

Саёҳат давомида ёшларга Самарқанднинг қадимий тарихи ва мустақиллик йилларида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

– Самарқанд шаҳрига саёҳат таассуротларга бой бўлди, – дейди 32-меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Пётр Горов. – Самарқандга боришни орзу қилардим. Бугун ушбу ниятим амалга ошди. Миллий гвардия томонидан бизга қаратилаётган эътибордан жуда мамнун бўлдик. Елкасида юлдузчалари чарақлаб турган забардаст инсонларни ўз отам, акамдай яхши кўриб қолдим. Давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган ушбу ислоҳотлардан барчамиз жуда ҳам хурсандмиз.

Ёш саёҳатчилар Самарқанд шаҳридаги меҳрибонлик уйида ҳам бўлишди. У ерда ўзларининг ака-укалари, опа-сингиллари билан яқиндан танишишди.

Муассаса раҳбарияти томонидан самарқандча палов билан кутиб олинган болажонлар Самарқанднинг тарихий обидалари билан танишибгина қолмай балки Самарқанд аҳлининг чинакам меҳмондўстлигига ҳам гувоҳ бўлишди.  

Ташриф давомида турли спорт ўйинлари бўйича мусобақалар ташкил этилди.  

Зариф Комилов, ЎзА