Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Сирдарё вилоятида жойлашган Ихтисослаштирилган ўқув марказида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Барчамиз биргаликда – Яшил тараққиёт учун” шиори остида тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Миллий гвардия қўмондонлиги масъул раҳбарлари, Миллий гвардия Сирдарё вилоят бўйича бошқармаси, Мирзаобод тумани ҳокимлиги, туман “Нуронийлар” кенгаши аъзолари, вилоят ҳарбий прокуратураси ҳамда бошқа жамоатчилик аъзолари иштирок этди.
— “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси нафақат атроф-муҳитни обод қилиш, балки ёш авлодда табиатга бўлган масъулиятни оширишга хизмат қилади,— дейди Миллий гвардия Ихтисослаштирилган ўқув маркази бошлиғи ўринбосари, ҳарбий фанлар доктори Шавкат Абдуллаев. — Миллий гвардия жамоаси ушбу ташаббусга фаол қўшилиб, яшил тараққиётга ўз ҳиссасини қўшаётганидан мамнунмиз. Бундай тадбирлар келажак авлод учун соғлом ва барқарор муҳит яратишда муҳим аҳамиятга эга.
“Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида ташкил этилган навбатдаги кўчат экиш акциясида гвардиячилар томонидан 12 минг тупга яқин манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди.
Шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар томонидан Миллий гвардиянинг ҳудудий бошқармаларига ажратилган 36 гектардан ортиқ ер майдонларида 19 та боғ яратилди. Ҳарбий қисм ҳудудларида, дарахт кўчатлари захирасини яратиш учун 90 мингдан ортиқ дарахт уруғлари, 68 мингдан зиёд қаламчалар экилди.
Бундан ташқари, туман мусиқали ва санъат мактабининг ўқувчилари томонидан “Рангларда табиат тасвири” мавзусида рассомчилик кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Кўргазмада намойиш этилган ҳар бир асар табиат гўзаллигини ранглар орқали ифодалар экан, айни пайтда экологик муаммоларга эътибор қаратишга чақириши билан ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/WgQXSjdalHg" title="Milliy gvardiyada “Yashil makon” tadbiri" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова, У.Тўхтаев (тасвирчи), ЎзА