Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ташаббуси билан Миллий гвардия Қашқадарё вилоят бошқармасида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда “Ватанни ҳимоя қилиш, ҳар биримизнинг бурчимиздир” шиори остида “Очиқ эшиклар” куни ўтказилди.
Унда вилоятдаги олий таълим муассасаларининг 200 нафардан ортиқ талабалари, нуроний ва фахрийлар иштирок этди.
Дастлаб иштирокчилар бошқармада юрт ҳимоячилари учун яратилган қулай шароитлар билан яқиндан танишиб, жанговар техникалар ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси томон йўл олди. У ерда ҳарбий мутахассислар томонидан миллий армиямизнинг жанговар қудрати ҳақида маълумотлар берилди.
Ҳарбий қисмнинг от спорт майдонида маҳоратини оширишга қаратилган машғулотлар қайноқ қалб эгаларида ҳарбийлик касбига бўлган қизиқишни янада ошишига хизмат қилди.
Кун давомида давом этган ҳарбий ватанпарварлик тадбирида ёшларни спортга қизиқтириш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида камондан ўқ отиш мусобақаси ҳам ташкил этилди.
Бу каби тадбирлар ёшларда жасурлик ва мардлик, фахр ва ифтихор туйғуларини шакллантириш, шунингдек, уларда ватанпарварлик, ватанга муҳаббат, Қуролли Кучларга ҳурмат туйғуларини шакллантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири