Президент томонидан Миллий гвардияга 500 минг нафар ёшларни оталиққа олиш вазифаси юклатилган. Бугунги кунга келиб Миллий гвардияга бириктирилган туман-шаҳарларнинг 4-секторлари ҳудудида жойлашган 1 минг 88 маҳаллада истиқомат қилаётган 354 минг 485 нафар ёшлар фаолиятини ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ёшлар ўртасида “Уч авлод учрашуви”, “Ватанпарвар ёшлар” “Ватанга содиқ фарзанд бўлайлик!”, “Биз – озод юрт фарзандимиз!”, “Ўзбекистон – ёшлар мамлакати” шиорлари остида 35 минг 602 маротаба тадбир ўтказилиб, унда 1,5 миллиондан зиёд ёшлар қамраб олинди.
АОКАда Миллий гвардия девони раҳбарияти иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз юритилди.
Ўтказилаётган тадбирларнинг 10 минг 215 тасини маънавий-маърифий, 11 минг 795 тасини спорт, 5 минг 252 тасини ватанпарварлик руҳидаги, 1 минг 595 тасини ҳарбий йўналишдаги, 2 минг 503 тасини маданий ва бошқа тадбирлар ташкил қилди.

Ҳуқуқий тарғибот йўналишида 590 мингдан ортиқ ёшлар билан 17 минг 606 тадбир ўтказилди. Жумладан, ҳуқуқий тарғибот кунлари доирасида 7 минг 798, танлов ва мусобақалар доирасида 2 минг 485, сайёр суд мажлислари доирасида 832, кўргазмали тарғибот доирасида 1 минг 232, махсус ҳуқуқий-профилактик тадбирлар доирасида 1 минг 409 ва бошқа йўналишда 3 минг 850 тадбир ўтказилди.
Ёшлар билан ўтказилган тадбирлар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилди.
Жамоат хавфсизлиги университетига Андижон ва Наманган вилоятларидаги 5 минг нафар тарбияси оғир ёшларни ўқитиш, касб-ҳунар, чет тилини ўргатиш, соғлом ҳаётга қайтариш ва бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Жорий йилнинг 26 февралидан 3 октябригача Миллий гвардиянинг Андижон ва Наманган вилояти бошқармаларида Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда 4 минг 441 нафар ёшларни ватанпарварлик, жамият ҳаётига дахлдорлик ва қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида 51 маротаба 3 кунлик ўқув йиғини ўтказилди.
Сектор раҳбарлари иштирокида сайёр қабуллар ташкиллаштирилиб, ўқув йиғини якунида уларга сертификатлар топширилди.
“Қўл жанги” спорт турининг моддий-техник базасини ривожлантириш ва ёшларни ушбу спорт турига кенг жалб қилиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
“Қўл жанги” бўйича спорт секцияларининг сони 870 тага етказилиб, икки баробарга оширилди. Унда мунтазам равишда шуғулланувчилар сони 30 мингга яқинни ташкил этмоқда. Ушбу спорт тури бўйича юзлаб спорт мусобақалари ўтказилмоқда. Жорий йил 21 декабрда “Ўзбекистон” спорт мажмуасида Қуролли кучлар куч тузилмалари ўртасида қўл жанги бўйича навбатдаги турнир бўлиб ўтади.
Н.Абдураимова, ЎзА