Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий гвардия хизматининг ижтимоий аҳамияти ва ўрни борасида сўз юритилди
12:30 / 2025-11-21

Сирдарё вилоятида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши ташаббуси билан Миллий гвардиянинг Сирдарё вилояти бошқармасида “Очиқ эшиклар куни” ҳамда “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди. Ушбу тадбир ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясини мустаҳкамлаш, ҳуқуқий ва ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда Миллий гвардия фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликка батафсил маълумот беришга қаратилди.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши раиси Азизбек Раҳмонов учрашув ҳақида шундай фикр билдирди:  

— Бундай тадбирлар ёшларнинг Ватанга садоқатини ошириш, ҳарбий хизмат ва офицерлик касбига қизиқишини уйғотиш ҳамда уларни фаол фуқаролик позициясига даъват қилишда муҳим аҳамиятга эга. Ёшлар билан бевосита мулоқот уларнинг фикр ва таклифларини тўғридан-тўғри эшитиш, янгича ташаббусларни қўллаб-қувватлаш имконини беради.

Учрашувда Гулистон давлат педагогика институти талабалари, умумтаълим мактаблари ўқувчилари ва “Жасорат” синфи тингловчилари иштирок этишди. Ёшлар Миллий гвардия бошқармаси фаолиятининг асосий йўналишлари, ҳарбий хизматнинг кундалик тартиби, ҳарбий интизом талаблари ва замонавий қурол-аслаҳа ҳамда техник воситаларнинг амалий қўлланилиши билан яқиндан танишдилар.

Тадбир давомида ёшларга Миллий гвардия хизматининг ижтимоий аҳамияти, давлат хавфсизлигини таъминлашдаги ўрни, ҳарбий хизматчиларнинг масъулият ва бурчлари тўғрисида батафсил маълумот берилди. “Очиқ эшиклар куни” дастурининг мантиқий давомида “Раҳбар ва ёшлар” номли очиқ мулоқот ўтказилди. Унда ёшлар ва раҳбарлар “Офицерлик — мардлар касби” шиори остида фикр алмашишди, қизиқтирган саволлар атрофлича муҳокама қилинди ва ҳарбий хизматнинг маънавий ҳамда ижтимоий аҳамияти юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири