Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармасининг айрим ваколатлари ИИВ ҳузуридаги Қўриқлаш департаментига ўтказилмоқда
14:05 / 2026-01-06

Мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини ҳамда объектларини тажовузлардан ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш, ушбу соҳадаги давлат сиёсатини ва қўриқлашни амалга оширувчи субъектлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти сифатида қайта ташкил этилди.

Шундан келиб чиқиб, Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти ваколатларини белгилаш, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларини мувофиқлаштириш зарурати юзага келмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Қўриқлаш фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳаси қўриқлаш фаолияти доирасини кенгайтиришни, хусусан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини, кўнгилочар ва қурилиш объектларини қўриқлашни амалга ошириш бўйича ҳуқуқий асосларни белгилашни, шунингдек, Ички ишлар вазирлигининг ушбу соҳадаги ваколатларини аниқлаштиришни назарда тутади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган тегишли ўзгартиришларга кўра, Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси мансабдор шахсларига тегишли бўлган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва маъмурий жазо қўллаш ваколатлари Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти мансабдор шахсларига ўтказилмоқда.

Қўриқлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари мансабдор шахслари томонидан 14 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва 22 турдаги ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий баённома тузиш ваколати берилмоқда.  

Алоҳида қўриқланадиган объектларга кириш-чиқиш режимини бузиш ёки ушбу объектларнинг қўриқланишини таъминлашга доир мажбуриятларни бажармаганлик учун маъмурий йўл билан ушлаб туриш ваколати берилмоқда.  

Қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар қўриқлаш фаолияти соҳасидаги қонунчилик базасини янада мустаҳкамлаш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш ҳамда жамоат хавфсизлиги ва қонунийликни таъминлашга хизмат қилиши қайд этилиб, лойиҳа депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА