Миллий гвардия қўмондони генерал-полковник Б.Ташматов давлатимиз раҳбарининг Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган намунавий амалиётни юртимиз бўйлаб жорий этиш юзасидан белгилаб берган вазифаларининг Самарқанд вилоятидаги ижросини ўрганди.
Дастлаб Миллий гвардия Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси шахсий таркибнинг тайёргарлиги ва жанговар шайлиги, шунингдек, замонавий қурол-аслаҳа ҳамда махсус воситалардан фойдаланиш кўникмалари кўздан кечирилди.

Хавфсизликни ишончли таъминлаш борасида командир ва бошлиқларнинг ахборотлари тингланиб, бу борада олиб борилаётган ўқув-тактик машғулотларни сунъий интеллект ва роботлаштириш элементлари асосида ташкил этиш бўйича вазифалар белгиланди.

Шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг доимий жанговар шайлигини таъминлаш, хавф-хатарларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш борасидаги чора-тадбирларни янада такомиллаштириш, шунингдек, илғор жаҳон тажрибаларини амалиётга жорий этиш юзасидан топшириқлар берилди.

Миллий гвардия қўмондони Б.Ташматов Ички ишлар вазири А.Тошпўлатов ҳамда ишчи гуруҳ аъзолари билан биргаликда Имом Бухорий мажмуасида зиёратчилар хавфсизлигини таъминлаш, улар учун яратилган имконият ва қулайликларни ҳам ўрганди.

Вилоятнинг жиноятчилик хавфи юқори бўлган маҳаллаларида олиб борилаётган ишлар, жумладан, патруллик хизмати фаолияти, видеокузатув тизимларининг самарадорлиги ва рақамли технологияларни жорий этиш ҳолати билан ҳам яқиндан танишилди. Жамоат тартибини сақлашда замонавий ёндашувларни қўллаш, хусусан, патруллик фаолиятида дронлар ва интеллектуал таҳлил тизимларидан фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилиниб, бу борада масъул раҳбарлар зиммасига вазифалар юклатилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири