Пойтахтимиздаги ҳарбий қисмлар ва Олмалиқ шаҳрида жойлашган дала ўқув полигонида “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари шахсий таркибининг ахлоқий-руҳий таъминотини такомиллаштириш йўллари” мавзусида офицерлар иштирокида услубий-амалий ўқув йиғини ўтказилди.
Тадбир Миллий гвардия қўмондонлиги ташаббуси билан Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги, Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинлари қўмондонлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Дастлаб тадбир доирасида Жамоат хавфсизлиги университети базасида илмий-амалий конференция ўтказилди. Унда профессорлар, тарбиявий ва мафкуравий ишлар органи офицерлари ҳамда ҳарбий психологлар ўзларининг соҳага оид долзарб маърузалари билан иштирок этди.
Шундан сўнг университетда бунёд этилган мажмуавий тўсиқлар йўлагида сунъий равишда барпо этилган турли тўсиқлардан ўтиш орқали шахсий таркибнинг ахлоқий-руҳий тайёргарлигини ташкиллаштириш усуллари ўқув йиғини иштирокчиларига ҳавола этилди.
Бундан ташқари дала шароитида руҳий енгиллаштириш хонасини жиҳозлаш ва унинг ишини ташкил этиш тартиби ҳақида маълумот берилди. Махсус тактик тайёргарлик машғулотлари давомида сунъий равишда жисмоний ва руҳий зўриқишларни яратиш орқали жанговар вазифани охиригача бажариш кўникмалари махсус йўлакларда кўргазмали тарзда бажарилди.
Ўқ отиш тайёргарлиги машғулотлари жараёнида сунъий равишда жисмоний ва руҳий зўриқишларни яратиш орқали шахсий таркибнинг душманга қарши муваффақиятли қарши туриш, билим, кўникма ва малака, жанговар маҳорати, ўзига ишончи намойиш этилди.
Ўқув-йиғиннинг иккинчи куни Мудофаа вазирлигига қарашли Олмалиқ дала ўқув полигонида бўлиб ўтди. Жанговар тайёргарлик машғулотлари давомида ҳарбий хизматчиларни экстремал вазиятдаги ҳаракатларга ахлоқий-руҳий тайёрлашнинг усул ва воситалари тушунтирилиб, руҳий зўриқишни ечишга қаратилган “Психологик тренинглар” кўргазмали тарзда амалга оширилди.
Тадбир сўнгида ҳарбий хизматчилар дала-ўқув полигони ҳудудига эзгу ниятлар билан мевали дарахт кўчатларини экди.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/KIGb5guhJuk" title="Миллий гвардия: билим, кўникма, малака ва жанговар маҳорат синовдан ўтказилди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова, ЎзА.