Миллий гвардия аскарлари қасамёд қабул қилди
Жиззахдаги миллий гвардия қисмида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарларнинг қасамёд қабул қилишларига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Жиззахдаги миллий гвардия қисмида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарларнинг қасамёд қабул қилишларига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, аҳолини турли ички таҳдидлардан, жиноий ва бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси сафларига маънан бой, қадриятларимизга анъана ва урф-одатларимизга содиқ, жисмонан бақувват ва интеллектуал салоҳиятли бўлган ёшларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Миллий гвардиянинг Жиззах вилоятидаги қисмида хизматни бошлаётган аскарлар ҳарбий қасамёд қабул қилиши тантанали вазиятда ўтди. Миллий гвардия сафида ҳарбий хизматни бошлаётган навқирон, ҳар томонлама баркамол йигитларнинг “Мен, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясига ҳарбий хизматга кирар эканман, Ўзбекистон халқи ва Президентига садоқатли бўлишга, ҳарбий қасамёдга, Жанговар Байроққа содиқ қолишга, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талабларини ва хизмат бурчимни сўзсиз ва виждонан бажаришга, ҳар қандай шароитда хиёнат ва сотқинлик қилмасликка, жанговар шайлик учун шахсан жавобгар бўлишга, мардлик ва фидокорлик билан ўз ҳаётимни аямасдан халқ ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга қасамёд қиламан” деб тантанали янграган жанговар онтларидан қалбларга ҳаяжон тўлди.

– Бугун менинг ҳаётимда энг унутилмас воқеа бўлди, – дейди Хоразм вилоятидан ҳарбий хизматга чақирилган оддий аскар Иқбол Муҳаммадазимов. – Менинг ҳарбий бўлиш орзуим ушалди. Қасамёд қилганимдек, Ватанимиз тинчлиги, юртимиз осойишталиги учун хизмат бурчимни сўзсиз ва виждонан бажараман.
Ҳарбий қасамёд қабул қилишга бағишланган тантанали тадбир одатдагидан фарқли коронавирус карантини талаблари асосида барча хавфсизлик қоидаларига мувофиқ ташкил этилди.
