Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий гербарий – мамлакатимиз ноёб фонди​
18:37 / 2020-01-29

Шу ўринда, Гербарий ўзи нима, деган савол туғилиши табиий.

ЎзРФА Ботаника институтининг 80 йиллиги олдидан

Президентимизнинг 2018 йил 17 июлдаги "Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида институтнинг ноёб илмий объекти – Ўзбекистон миллий гербарийси миллий аҳамиятга эга гербарий деб тан олинди. Бу бежизга эмас, албатта.

ЎзРФА Ботаника институти Миллий гербарий ноёб илмий марказида сақланаётган гербарий намуналари орасида бир асрга тенгдош ўсимликлар тури борки, улар табиатан асл ҳолати каби сақланмоқда. Гулларнинг ранги, шакли, барглари, илдизлари оппоқ варақларда жонлидек акс этган гўё. Бу ноёб илмий объектда 1,5 миллондан ортиқ гербарий намуналари сақланади. Шу боис, Ўзбекистон Миллий гербарийси Халқаро гербарийлар каталогига киритилган ноёб объект саналади.

1993 йил Санкт-Петербургда ЮНЕСКО томонидан гербарийларга бағишлаб ташкил этилган биринчи халқаро конференцияда Миллий гербарий жаҳон аҳамиятига молик гербарий, деб эълон қилинди. Марказий Осиёда биринчи, МДҲ мамлакатлари орасида эса Санкт-Петербургдаги гербарийлардан кейин иккинчи, қитъамизда Хитой, Япония, Жанубий Кореядан кейин тўртинчи ўринда турадиган мамлакатимизнинг бебаҳо бойлиги нодир олтин фонддир.

Шу ўринда, Гербарий ўзи нима, деган савол туғилиши табиий. Гербарий – махсус усуллар билан йиғиб, қуритилган ўсимлик коллекцияси. Улардан илмий мақсадларда фойдаланилади. Жумладан, экология, табиат муҳофазаси билан боғлиқ масалаларни бартараф этишда, табиий ўсимлик хом ашёларидан оқилона фойдаланишда, “Қизил китоб”га киритилган муҳофазага муҳтож ўсимлик турларини назорат қилишда ишлатилади. Ёрлиқларга ўсимликнинг илмий ва маҳаллий номи, ўсган жойи, тупроғи, гербарий рақами, қачон ва ким аниқлагани, тергани, хуллас, айтайлик, бир гиёҳ униб чиқиб, гербарийга айлангунга қадар кечган барча жараён ҳақида аниқ маълумотлар ёзилади.

Мамлакатимиздаги Миллий гербарий Ўрта Осиё, Монголия, Хитой, Россия, Украинадан, ҳатто Шимолий Африка давлатларидан йиғиб, жамланган. Бу ҳудудлардаги тоғлар, чўллар, қиру адирлар, пастқамликлар, дарёлар, хуллас, инсон қадами етган барча ҳудудлардан йиғилган салкам З асрлик гербарийлар яхши сақланган.

Миллий гербарий 4 бўлимга бўлинган. Биринчи бўлим – Марказий Осиё гербарийси асосан 125 оила 1151 туркумга мансуб, 9 мингга яқин турни ўз ичига олади. Мазкур бўлимда ботаник олимларимизнинг номлари билан боғлиқ бўлган турлар мавжуд. Улар орасида Марказий Осиёнинг турли ҳудудларидан бир ярим асрдан ортиқ давр мобайнида, яъни, 1841 йилдан бошлаб кўплаб тадқиқотчилар, жумладан, бир қатор чет эл олимлари томонидан йиғилган, ёрлиқлари инглиз, немис, рус, француз ва лотин тилларида ёзилган ўсимлик намуналари бор.

Иккинчи бўлим – Умумий гербарий 100 минг нусхадан зиёд бўлиб, асосан чет давлатлардан институт ходимлари йиғиб келган ва хориждан алмашлаб олинган гербарийлар 2293 туркумга мансуб 10 минг турни ташкил этади.

Учинчи бўлим – Типлар бўлими янгидан кашф этилган турларнинг биринчи нусхаси. 2000 нусха Ўрта Осиё ва Қозоғистондан йиғилган бўлиб, 320 туркумга мансуб 1 минг 500 га яқин турни ўз ичига олади. Типларнинг коллекцияда тутган ўрни бениҳоя каттадир. Фақат типлар орқали тизимдаги ҳар қандай чалкаш, мунозарали ва ботаника номенклатураси қоидаларининг асосланувчи мураккаб масалалари ҳал этилади. Бунда энг муҳим ноаниқ турни аниқлаш учун типларга мурожаат қилинади. Тўртинчи бўлим – Алмаштириладиган гербарийлар 1 минг 400 турдан иборат.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда Миллий гербарий ноёб илмий объектида институт илмий ходимлари томонидан инвентаризация ишлари олиб борилмоқда. Бунда махсус рақамланган шкафлардаги ноёб дурдоналар қайта кўриб чиқилиб, қайси туркум, турлардан қанча гербарий намунаси борлиги, улардан аниқланмаган турлар ўрганилиб, ҳисоб-китоб ишлари олиб борилмоқда. Бу ишлар ниҳоясига етгач, Миллий гербарийда қанча нусха борлиги аниқ бўлади. Яъни, биз айтаётган 1,5 миллион гербарий нусхаси балки 2 миллион, балки 2,5 миллион бўлиши эҳтимоли бор.

Бундан ташқари, ҳозирда гербарий намуналарини рақамли форматга ўтказиш ишлари бошланган. Ҳар битта намуна сканерланиб, рақамли форматга ўтказилади. Сўнгра унинг терилган нуқталари Google махсус программа сайтидан аниқланади. Шу тариқа флора ўсимлик турлари ўзгариши, йўқолиши, пайдо бўлиши ҳамда кўпайиши жараёнини йиллар давомида кузатиш мумкин бўлади. Гербарийни бойитиш учун ҳар йили 1,5 минг донадан 3 мингтагача намуналар дала тадқиқотлари давомида йиғиб келтирилади.

Айтиш жоизки, Ўзбекистон Миллий гербарийси келажаги, уни замон фани, талаблари даражасига келтириш ва янада кенгайтириш борасида институт илмий ходимлари томонидан самарали ишлар амалга оширилмоқда. Миллий гербарийда янги бўлимлар ташкил этиш режалаштирилмоқда. Ўзбекистон Миллий гербарийси мамлакатимиз илм-фанининг ноёб илмий хазинаси ҳисобланади. Чунки бу нодир варақлардаги гўзаллик минг йиллардан сўзлагувчи мангуликка дахлдор оламдир.

Марҳамат МАТВАФОЕВА,
ЎзРФА Ботаника институти
катта илмий ходими