Муносабат
Фармацевтика саноати аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиш билан бирга, юқори технологиялар, илмий тадқиқотлар ва инновацион ишланмаларга асосланган замонавий иқтисодиёт тармоқларидан бири ҳисобланади.

Шу боис, давлат томонидан яратилган қулай инвестиция муҳити ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш чоралари натижасида фармацевтика соҳасида сезиларли ўзгаришлар рўй берди. Хусусан, кейинги тўққиз йил мобайнида тармоққа 1,8 миллиард доллар миқдорида инвестиция жалб қилиниб, 140 та янги ишлаб чиқариш қуввати фаолияти йўлга қўйилди. Фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 3,5 баробарга ўсиб, 7 триллион 300 миллиард сўмдан ошди.
Маҳаллий фармацевтика маҳсулотлари экспорти ҳам изчил ривожланмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган дори воситалари 55 та давлат бозорига кириб борган. Энг муҳими, соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижасида 40 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Мамлакатимизнинг қулай иқлим шароити, бой табиий ресурслари ҳамда соҳани ривожлантириш учун яратилган имконият ва имтиёзлардан келиб чиқиб қаралганда, фармацевтика саноатида эришилган кўрсаткичлар ҳали мавжуд салоҳиятга нисбатан тўлиқ даражада амалга оширилган деб айтишга етарли эмас.
Шу нуқтаи назардан, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида фармацевтика соҳасини ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш мазкур тармоқни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этди. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, ҳозирда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар касалликларни даволаш билан бирга уларнинг олдини олишга қаратилган профилактик чораларни кучайтиришни талаб этмоқда.
Айниқса, бирламчи тиббий бўғинда профилактика ишларининг кенгайиши аҳоли ўртасида иммунитетни мустаҳкамловчи ва организмни қўллаб-қувватловчи дори воситалари ҳамда биологик фаол қўшимчаларга бўлган талабни оширмоқда. Шу муносабат билан маҳаллий фармацевтика саноати олдида профилактик препаратлар, витаминлар ва биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқаришни кўпайтириш вазифаси турибди.
Йиғилишда фармацевтика соҳасини ривожлантириш бўйича аниқ стратегик вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, жорий йилда тармоққа камида 1 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ва 2030 йилга қадар ички бозорда маҳаллий дори воситалари улушини 70 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.
Шу билан бирга, келгуси беш йил ичида фармацевтика маҳсулотлари экспортини 1 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда. Бу мақсадларга эришишда хорижий етакчи фармацевтика компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Йиғилишда фармацевтика соҳасида тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш мақсадида қатор янги имтиёзлар жорий этилиши эълон қилинди. Хусусан, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш, доривор ўсимликлар етиштириш ва уларни қайта ишлашга қаратилган янги лойиҳалар уч йил муддатга ер солиғидан озод қилинади.
Тадбиркорлар лойиҳа ишга тушганидан кейин уч йил давомида фойда ва мол-мулк солиғини тўламайди. Бу каби рағбатлантириш чоралари соҳада янги инвестицияларни жалб қилиш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтиришга хизмат қилади.
Ҳар қандай замонавий тармоқнинг барқарор ривожланиши, энг аввало, илм-фан ютуқлари ва илмий ёндашувга таяниши билан белгиланади. Шу маънода фармацевтика соҳасини тараққий эттиришда ҳам илмий тадқиқотлар алоҳида аҳамият касб этади. Шу муносабат билан Кимё-фармацевтика, Вакцина ва зардоблар ҳамда Шарқ табобати институтлари негизида Миллий биофармацевтика илмий-тадқиқот институти ташкил этилиши белгиланди.
Ушбу институт “Toshkent Pharma Park” ҳудудида жойлаштирилиб, илмий тадқиқотларни бевосита ишлаб чиқариш жараёни билан боғлаш имконини беради. Шунингдек, бу ерда клиник тадқиқотлар маркази, биологик ва кимёвий лабораториялар ташкил этилади.
Бугунги глобаллашув шароитида дори воситаларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш масаласи нафақат тиббиёт, балки жамоат саломатлиги ва миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам долзарб аҳамият касб этади. Маълум қилинишича, ўтган йилнинг ўзида мамлакатимизда 57 мингдан ортиқ номдаги рўйхатдан ўтмаган ёки қалбаки дори воситалари аниқланган.
Бу ҳолат аҳоли саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин. Шу боис дориларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашни кучайтириш, бу борада жавобгарликни кескин ошириш зарурлигига ҳам алоҳида эътибор қартилмоқда. Қонунчилигимизда бу борада белгиланган нормаларни такомиллаштириш ҳамда парламент назоратини амалга ошириш биз, депутатлар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.
Умуман олганда, йиғилишда белгилаб берилган вазифа ва ташаббуслар мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш ва фармацевтика саноатини халқаро бозорда рақобатбардош тармоққа айлантиришга хизмат қилади.
Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Меҳнат, соғлиқни сақлаш
ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.
ЎзА