Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий эстрада санъатимизни дунёга танитган санъаткор
16:31 / 2025-08-11

Устоз санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров овози, ижоди, фаолияти бетакрор ижодкор эди. Кейинги йилларда эстрада санъатимиз асосчисининг юбилей саналарини кенг нишонлаш, унинг номи билан боғлиқ ижодий танловлар ўтказиш, мусиқий меросини кенг тарғиб этиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида 2020 йил 2 декабрда “Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарор қабул қилинган эди. Мазкур ҳужжат асосида санъаткор таваллудининг 85 йиллиги  юртимизда кенг нишонланди. Шу билан бирга,  Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада олий мактаби ташкил этилди. Пойтахтимизда Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров шарафига муаззам ҳайкал қад ростлади. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 июлдаги “Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров хотирасини абадийлаштириш, унинг ижодий меросини чуқур ўрганиш ва жаҳон миқёсида тарғиб этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори устоз санъаткор хотирасига кўрсатилган улкан эҳтиромнинг яна бир амалий ифодаси бўлди. 

Мазкур қарорнинг аҳамияти ҳақида Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида кейинги йилларда мамлакатимизда кечаётган маънавий янгиланиш жараёнида ҳақиқий санъатимизни қўллаб-қувватлаш, ижод аҳли учун зарур шароит ва имкониятларни яратиш, миллий санъатимиз ривожига катта ҳисса қўшган устозларнинг хотирасини эъзозлаш масаласига доимий эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2025 йилнинг 28 июль куни қабул қилган “Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров хотирасини абадийлаштириш, унинг ижодий меросини чуқур ўрганиш ва жаҳон миқёсида тарғиб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги эзгу ишларнинг яна бир амалий намунасидир.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров ўзининг кенг қамровли изланишлари, ижодий ютуқлари билан миллий санъатимизни ривожлантирди, уни жаҳонга танитди. У қўшиқчиликда устоз-шогирд анъаналарини ривожлантириш орқали ҳам кўплаб ибратли ишларни амалга оширди. 

Юқорида номи келтирилган қарор буюк санъаткор Ботир Зокиров хотирасини абадийлаштириш, унинг бебаҳо меросини янада кенгроқ тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади. 

Қарор асосида Тошкент шаҳрида Ботир Зокиров номидаги мемориал музей ташкил этилади. Мазкур мемориал музей Маданият вазирлиги тизимидаги маданият муассасаси ҳисобланиб, унинг фаолиятини сақлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш харажатлари учун талаб этиладиган маблағлар, шунингдек, Ботир Зокиров номидаги давлат стипендияси билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш 2026 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.

Маданий мерос агентлиги Давлат бюджетидан маданий мерос ва музейлар соҳасига ажратиладиган маблағлар ҳисобидан Ботир Зокиров ижодига оид тарихий материаллар, ашёлар ва ноёб суратларнинг мемориал музей учун харид қилиб борилишини таъминлайди. 

2026 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта эстрада санъати бўйича  Ботир Зокиров номидаги халқаро кўрик-танлов ўтказилади. Шу билан бирга, давлат буюртмаси асосида Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокировнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган бадиий фильм яратилади. 

Ушбу қарорга кўра, 2025 йилдан бошлаб ҳар йили республика бюджетидан эстрада санъати бўйича бакалавриат йўналишида аъло баҳоларга  таҳсил олган икки нафар битирувчининг кейинги таълим босқичини хорижий давлатларда мақсадли давом эттириши учун, иқтидорли талабаларнинг нуфузли халқаро танловларда иштирок этиш имкониятини янада ошириш учун, эстрада санъати бўйича Ботир Зокиров номидаги халқаро кўрик-танловни ўтказиш учун доимий тарзда маблағлар ажратилади. 

Шуни ҳам айтиш керакки, Ботир Зокиров ғоят улкан мусиқий сулоланинг вакили эди. Унинг отаси – Ўзбекистон халқ артисти Карим Зокиров миллий опера ривожига катта ҳисса қўшган санъаткор бўлиб, “Гулсара”, “Дилором”, “Бўрон” каби илк ўзбек опералари айнан Карим Зокиров ижросида янграган. Онаси Шоиста Саидова мусиқали драма  санъатида ном қозонган ижрочи эди. Бошқача айтганда, бу сулола мусиқа санъатининг учта йўналишига бебаҳо ҳисса қўшди. Хусусан, Карим Зокиров ҳамда Шоиста Зокирова опера, мусиқали драма санъати ривожига, Ботир Зокиров эса миллий эстрада равнақига муносиб улуш қўшди. Ўз даврида у ташкил этган ижодий оркестрда Юнус Тўраев, Раъно Шарипова, Луиза Зокирова каби санъаткорлар куйлашган. Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров вокал-чолғу ижрочилигида “Ялла” ансамблининг шаклланишида жонбозлик кўрсатган. 

Ботир Зокиров куйлаган 200 дан ортиқ қўшиқнинг 49 таси ўзбек  композиторларининг асарларидир. У Икром Акбаров, Мутал Бурхонов, Сайфи Жалил каби композиторлар билан узвий ҳамкорликда ишлаган. Ботир Зокиров ҳеч қачон ҳаваскорлик санъати билан йўлдош бўлмаган. Буюк истеъдодларни юзага чиқариш, ёшларни фаол қўллаб-қувватлашга муносиб ҳисса қўшган.  У профессионал санъатнинг ривожланишига доим катта эътибор қаратар эди. 

Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров хотирасини абадийлаштириш, унинг меросини тарғиб этишга оид мазкур қарор Президентимизнинг чинакам санъатни қўллаб-қувватлаш борасидаги доимий амалий эътибори ва ғамхўрлигининг яна бир ёрқин намунасидир.   

ЎзА мухбири Назокат Усмонова ёзиб олди.