Миллий экспортчилар учун қандай тўсиқлар бор?
Тайёр маҳсулот экспорти ва хизматларни кенгайтириш иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Тайёр маҳсулот экспорти ва хизматларни кенгайтириш иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда экспорт ҳажми жадал суръатлар билан ўсиб бормоқда. Бироқ, шу қаторда, миллий экспортчилар учун бир қанча тўсиқлар йўқ эмас.
Миллий экспортчилар учун асосий тўсиқларидан бири бу – ташқи савдо операцияларини молиялаштириш ва кредитлашдир. Шунингдек, экспорт маҳсулотларини ишлаб чиқариш, экспортни кенгайтириш ва жаҳон бозорларида сотиш билан боғлиқ сиёсий ва бошқа хавф-хатарлардан суғурта қилишдир.
Ушбу йўналишда экспортни амалга ошириш ва кенгайтириш амалиёти бир қатор муаммолар билан чекланмоқда. Жумладан, тайёр маҳсулотнинг рақобатбардошлиги, транзит салоҳиятидан тўла фойдаланмаслик, экспортни суғурталаш хизматларининг замонавий механизмлари мавжуд эмас.
Экспорт қилувчилар товарлар учун белгиланган ҳақни кечикишлар билан олишади. Катта хавф-хатарлар, экспорт кредитлари бўйича кафолатларнинг йўқлиги, шунингдек, жаҳон амалиётида маълум бўлган экспортни молиялаштириш воситаларидан чекланган ҳолда фойдаланиш, яъни экспортни суғурталаш ва молиялаштириш кафолатларини бериш учун давлатлар ва экспортчилар ўртасида воситачи йўқ.
Ушбу муаммоларни ҳал этишга Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили давлат дастурида алоҳида эътибор қаратилган. 284 банддан иборат дастурнинг 96 таси иқтисодий ривожланиш ва фаол инвестицияларни жалб этиш соҳасига бағишланган.
Давлат дастурида Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда экспортни олдиндан молиялаштиришга қаратилган Экспорт-кредит агентлигини ташкил этиш белгиланди.
Президентимиз парламентга Мурожаатномасида қайд этганидек, Экспорт-кредит агентлигининг ташкил этилиши барқарор иқтисодий ўсишга хизмат қилади. Рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кўпайтириш, янги халқаро бозорларни излаш, транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш, энг муҳими, экспорт ҳажмининг ошишига туртки беради.
Хорижий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, экспортни молиялаштириш – миллий экспортчиларнинг экспорт маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уни жаҳон бозорларида сотиш билан боғлиқ барча молиявий муаммоларни тезроқ ҳал этиш имконини берадиган энг самарали восита ҳисобланади.
Шу билан бирга, ушбу восита хорижий харидор (импортёр) учун ғоятда қулай. Зеро, у харидорга эркин молиявий маблағларни бозор қийматидан паст нархда тақдим этади. Бундай воситанинг мавжудлиги хорижий бозорларга киришга интилаётган, аммо етарли обрў-эътибор ва маблағга эга бўлмаган кичик бизнес корхоналари учун ғоятда муҳимдир.
Бу экспортни молиялаштириш воситалари ва механизмларини жорий этиш ва улардан фойдаланиш, масалан, кредит таъминоти, кафолатлар, факторинг ва суғурталаш, махсус ҳукумат ёки ярим давлат молия ташкилотлари орқали амалга оширилади.
Ана шундай муассасалар қаторига экспортни суғурталаш ва молиялаштириш кафолатларини бериш учун давлатлар ва экспортчилар ўртасида воситачилик вазифасини бажарувчи Экспорт-кредит агентликлари киради.
Шунингдек, Экспорт-кредит агентликлари ташқи савдо операцияларини кредитлаш, экспорт кредитлари бўйича давлат кафолатларини тақдим этиш, экспорт кредитлари ва битимларни сиёсий ва бошқа хавф-хатарлардан суғурталаш, шунингдек, ташкилий ва ахборот-таҳлилий қўллаб-қувватлашни ўз ичига олган кенг кўламли хизматларни тақдим этади.
Экспорт-кредит агентликлари хусусий ёки давлат компаниялари, шунингдек, аралаш мулк шаклида ташкил этилади. Дунёда бундай агентликлар 70 дан зиёддир. Ушбу агентликлар Бернга ва Халқаро кредит суғуртаси ассоциацияси каби халқаро уюшмаларга бирлаштирилган.
Энг машҳур давлат Экспорт-кредит агентликлари қаторига – Eximbank (АҚШ), NEXI (Япония), ECGD (Буюк Британия) кирса, хусусийлар – Euler Hermes (Германия), COFACE (Франция), Atradius (Голландия) саналади. Аралаш мулк шаклида ташкил топганлар – SBCE (Бразилия), CESCE (Испания), SEK (Швеция) ва ECGE (Миср) иборатдир.
Айни пайтда Экспорт-кредит агентликлари хориждаги бизнес фаолияти учун қарийб 430 миллиард доллар атрофида молиялаштиради ёки кафолат беради. Шундан қарийб 55 миллиард доллари ривожланаётган мамлакатлардаги лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади. Улар, шунингдек, янги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар учун 14 миллиард доллар миқдорида суғурта билан таъминлайдилар.
Савдони молиялаштириш бозорини ривожлантириш иқтисодий ўсиш суръатларини жадаллаштириш, иш билан бандлик даражасини ошириш ва бизнесни ривожлантиришга инвестицияларни кўпайтириш учун шарт-шароитларни яратиш орқали мамлакатларнинг экспорт имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, иш ўринларининг ортиши ва янгиларини яратиш имконини беради.
Ўзбекистон экспортчиларининг ташқи молиялаштиришга бўлган эҳтиёжлари юқори даражада. Шу боис, илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва Ўзбекистон шароитига мослашиш имкониятларини кўриб чиққан ҳолда экспортни молиявий рағбатлантириш воситаларининг самарадорлигини ошириш масалалари долзарблигича қолмоқда.
Шу тариқа, Экспорт-кредит агентлигининг ташкил этилиши Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини ошириш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, янги халқаро бозорларни излаш, аҳоли бандлигини ошириш, янги иш ўринларини яратиш, транзит салоҳиятидан тўлақонли фойдаланиш, экспортни суғурталаш бўйича замонавий хизматларни жорий этиш орқали экспорт географиясини кенгайтиришга хизмат қилади. Шунингдек, экспортчилар харажатларининг бир қисмига кафиллик қилиш ҳамда компенсациялаш, хавфни камайтириш ва узоқ муддатга кредит олиш имконини беради.
Шу билан бир қаторда, Экспорт-кредит агентлиги экспорт-импорт операцияларини соддалаштиради. Ўзбекистоннинг экспорт фаолиятини кенгайтиради. Бу эса, ўз навбатида, республика иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатади, шунингдек, хорижий бизнес ва инвесторларнинг миллий компанияларга бўлган ишончини оширишда муҳим роль ўйнайди.
Шавкат АЛИМБЕКОВ,
«Тараққиёт стратегияси» Маркази
лойиҳалар координатори.