Кеча Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси 2021 йилги мавсум Суперлига ўйинларига қуръа ташлаш маросимини ўтказди.
Қуръада дастлаб бир ҳудуддан иккитадан жамоанинг учрашувлари бир кунга тўғри келиб қолмаслиги инобатга олинди. “Қуръанинг кўзи кўр” деб бежиз айтилмаган экан. Биринчи уринишдаёқ шарчалар “Пахтакор” ва “Насаф”ни рўбарў қилди. Қизиқ томони, чемпионат бошланишидан уч кун олдин Самарқанд шаҳри мезбонлик қиладиган Суперкубок ўйинида ҳам айнан шу жамоалар майдонга тушиши олдиндан маълум эди. Қуръанинг яна бир қизиқ томони, мухлислар водий дербисига гувоҳ бўладиган бўлишди, яъни лига дебютанти “Турон” жамоаси ўз майдонида “Қўқон-1912”ни қабул қилади.
Қуръа натижасига кўра дастлабки икки турни эътиборингизга хавола этамиз:
Биринчи тур.
9-11 март
"Насаф" - "Пахтакор"
АГМК - "Локомотив"
"Навбаҳор" - "Сўғдиёна"
"Турон" - "Қўқон-1912"
"Қизилқум" - "Андижон"
"Сурхон" - "Металлург"
"Бунёдкор" - "Машъал"
Иккинчи тур.
14-16 март
"Пахтакор" - "Машъал"
"Металлург" - "Бунёдкор"
"Андижон" - "Сурхон"
"Қўқон-1912" - "Қизилқум"
"Сўғдиёна" - "Турон"
"Локомотив" - "Навбаҳор"
"Насаф" – АГМК
Бу йилги Регламентда ўзгаришлар бор. Жумладан, бу йилдан бошлаб Суперлигада 13 ва 14-ўринни эгаллаган жамоалар келаси йил қуйи лигага йўл олади. 12-ўринни банд этган жамоа эса Про лиганинг 3-ўриндаги жамоасига қарши ўтиш ўйинида иштирок этади.
Бу йилдан эътиборан янгилик сифатда VAR тизими ишга тушади. Ҳар бир турнинг иккита ўйинида VAR ишлайди.
Чемпионатнинг тўлиқ тақвими ва бошқа ўзгаришлар ҳақида кейинроқ батафсил маълумот берилади.
[gallery-undefined]
Ойбек Юнусов, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА