French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий байроғимиз тантаналари “Уч авлод учрашуви” ва тўйга уланиб кетди
16:49 / 2025-11-19

Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида 18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан “Уч авлод учрашуви” ва 11 нафар боланинг суннат тўйи ўтказилди.

Тадбирда туман ҳокими Б.Махматраемов, “Нуроний” жамғармаси туман  бўлими раиси Ю.Ҳакимов, туман ёшлар ишлари бўлими бошлиғи Х.Юсупов ва бошқалар Давлат байроғи қабул қилинган кун билан иштирокчиларни табриклаб, муқаддас байроғимизнинг давлат рамзи сифатидаги ўрни ва аҳамияти, ундаги ранглар ва уларнинг мазмун-моҳияти, бу тимсолда халқимизнинг мужассамлашган кўп асрлик тарихий қадрияти, анъана ва бой маънавий мероси, мустақиллик ғоялари ва миллий ўзлигимиз ҳақида атрофлича фикр юритди. Байроғимизнинг ўғил-қизларни миллий ғурур, Ватанга садоқат, юртга муҳаббат, азалий қадрият ва урф-одатларимизга чексиз ҳурмат руҳида камолга етказишда муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди. Меҳнат фахрийларига соғлик, тўй болаларга бахту саодат тилашди.

Нуроний отахон ва онахонлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этган тадбирда кекса авлод вакиллари ёшлик ва ўрта ёшдаги сермашаққат ҳаёт йўлларини ёдга олиб, давлатчилигимиз рамзи бўлган байроқни эъзозлаш ва миллий бу тимсолдан фахр-ифтихор ҳиссини туйиб яшаш хусусида сўз юритди. Ҳозирги эркин ва обод ҳаёт ҳам, турли ноз-неъматларга тўла дастурхон ҳам истиқлол шарофати экани алоҳида эътироф этилди.  

Тадбирда сўзга чиққан ўрта ёшдаги инсонлар ва йигит-қизлар мамлакатимизда ҳалол меҳнат қилиб, фаровон турмуш кечириш, ўқиб, изланиб, Ватанга муносиб фарзандлар бўлиб улғайиш учун барча шароит яратилгани тўғрисида фикр алмашди. Ёшларнинг маданият, санъат, спорт ва бошқа соҳаларда эришаётган ютуқлари эътироф этилди. Суннат тўйлари ўтказилаётган болажонларга узоқ умр, сермазмун, серзавқ ҳаёт тилашди.

Тўкин дастурхон атрофидаги серфайз даврада тўй болаларнинг ота-оналари ва яқинлари инсон қадрини улуғлаш учун давлатимиз яратиб бераётган имкониятлардан чексиз миннатдор эканини таъкидлади. Ўғилларининг келажакда Янги Ўзбекистонга муносиб фарзандлар бўлиб улғайишига ишонч билдирди. Фаол меҳнат фахрийларига туман ҳокимлигининг ташаккурномаси, суннат тўйлари ўтказилаётган болажонларга эсдалик совғалари тантанали топширилди.  

Тадбир санъаткорларнинг қизиқарли концерт дастури билан якунланди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири