Байроқ – миллатнинг юзи, юртнинг шаъну шарафини ифода этувчи муқаддас тимсол. У халқнинг азалий орзу-интилишлари, бугунги қудрати ва келажакка бўлган ишончини ўзида мужассам этади. Шу маънода, давлатимиз байроғи ҳар бир ҳамюртимиз қалбида ғурур, ҳурмат ва садоқат туйғуларини уйғотади.
Андижон шаҳри марказидаги баландлиги 64 метр бўлган давлат байроғи ҳилпираётган майдонда Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинганининг 34 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда кенг жамоатчилик вакиллари, меҳнат фахрийлари, ҳарбийлар, таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда ёшлар иштирок этди.
Давлат мадҳияси садолари билан бошланган маросимда сўз олганлар озод ва обод Ватанимиз учун мустақиллик рамзлари нечоғли қадрли эканини қайд этди. Байроғимиз юртдошларимиз, айниқса, ёш авлодда ватанпарварлик, фидойилик, юртга муҳаббат ва садоқат туйғуларини мустаҳкамлашда беқиёс аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Шундан сўнг оркестр жўрлигида ватан ҳимоячилари байроғимизни баланд кўтарган ҳолда майдон бўйлаб тантанали юришни амалга оширди.
[gallery-26303]
Давлат байроғи қабул қилинган сана муносабати билан вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида меҳнат жамоалари, таълим муассасалари ҳамда ёшлар иштирокида турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото), мухбирлари