Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида «Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан «5+1» гуруҳининг «Синапс» номли кўргазмаси бўлиб ўтди.
Тадбирда қайд этилганидек, «5+1» гуруҳи 2008 йилда Миллий банк галереяси ходимлари орасидан ташкил этилган. Бу йилги лойиҳада гуруҳ аъзолари: Ёқуб Бекназаров, Диёр Розиқов, Санжар Жабборов, Дониёр Шарафхўжаев, Нуриддин Расулов ҳамда Ўктам Саидов ҳисобланади.
Гуруҳ 15 йилдан ортиқ вақт давомида ўз лойиҳаларини томошабинларга муваффақиятли тақдим этиб келмоқда.
2022 йилда ўтказилган IX Тошкент халқаро замонавий санъат биенналесида «5+1» гуруҳи Гран-прига сазовор бўлди.
Соғлом инсон миясида юзлаб синапслар бир-бирига боғланган ва 200 миллиардга яқин нерв ҳужайралари мавжуд. Ҳар бир нерв ҳужайрасида ўн минглаб синапслар бўлиши мумкин.
[gallery-16517]
Синапс (юнонча, боғланиш деган маънони билдиради) – нерв системасида нерв импульсларини узатишда асосий роль ўйнайдиган махсус тузилма.
Синапс нейронлар орасидаги алоқани таъминлайди ва маълумотни электр ва кимёвий сигналлар шаклида узатиш имконини беради. Синапснинг мия ва асаб тизими фаолиятидаги аҳамияти – бу нерв импульсларида бир ҳужайрадан иккинчисига ўтадиган маълумотни узатишнинг асосий механизмидир.
«5+1» гуруҳининг рассомлари маълум бир мавзу доирасида уларни 15 йилдан ортиқ вақт давомида бирлаштирган «нейрон»лар воситасида боғланадилар, бу ҳис-туйғуларнинг бутун оқимини санъат воситасида ифода этишга ўхшайди. Кўргазма орқали ижодкорлар онгида кечаётган ҳис-туйғуларни, индивидуалликларини йўқотмасдан ўзлари ва бир-бирлари билан алоқа нуқталарини топадилар.
Синаптик узатиш пайтида сигналнинг амплитудаси ва частотаси тартибга солиниши мумкин бўлганидек, «5+1» гуруҳидаги ҳамкорлик ҳар бир иштирокчи идрокини умумий онг оқимига интеграция қилиш, мавзуни тўлиқ очишда тўғри қарор қабул қилиш, бирлашиш нуқтасини топиш ва гуруҳда ҳамжиҳат бўлиб бирлашишга олиб келади.
Бу иштирокчиларга ўзгарувчан шароитларга муваффақиятли мослашиш ва турли ҳодисаларга самарали жавоб бериш имконини беради.
Гулноза Бобоева, Рустам Назарматов(сурат), ЎзА