English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги бошланди
12:28 / 2024-10-23

Абдулла Қодирий номидаги Навоий вилоят ахборот кутубхона марказида аҳолини ахборот-кутубхона муассасаларига жалб қилиш, ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишларини янада ошириш, уларда мутолаа маданиятини шакллантириш ва ривожлантириш мақсадида “Infolib Uzbekistan” миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги доирасида тадбир ташкил этилди.

Мамлакатимизда китоб, китобхонлик маданиятини яхшилаш, ёшларнинг китоб мутолаасига бўлган қизиқишларини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, инсоннинг мафкуравий иммунитети, дунёқараши, фикрлаш тарзи, тафаккур жараёнининг ривожланишида китоб ва китобхонликнинг ўрни беқиёс.  

Ҳафталик мобайнида 30 дан ортиқ турли лойиҳалар доирасида китобхонлар иштирокида давра суҳбатлари, ижодкорлар билан учрашувлар, китоб тақдимотлари, анжуманлар, маҳорат дарслари, концерт ва турли ижодий танловлар ўтказилади.  

– Миллий ахборот-кутубхона ҳафталигининг асосий мақсади – мутолаани оммалаштириш, ахборот-кутубхона хизматларида интернет имкониятларидан кенг ва самарали фойдаланишни йўлга қўйишдан иборат, – дейди вилоят Ахборот-кутубхона маркази директори вазифасини бажарувчи Шамсия Бақоева. – Ҳафталик доирасида ахборот-кутубхона муассасалари ходимлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ахборот-кутубхона муассасасининг энг яхши мутахассиси” номинацияси учун миллий касбий танлови ўтказилади. Танлов ахборот-кутубхона муассасалари мутахассисларининг касбий фазилатлари, ижодий салоҳияти, ишбилармонлик фаоллигини намоён қилиш, ишга бўлган ижодий ёндашув, ахборот-кутубхона фаолияти, унинг фонди ва хизматларини тарғиб қилишнинг янги шакллари ҳамда усулларини излаш, илғор иш тажрибасини оммалаштириш, ахборот-кутубхона иши ривожланишига кўмаклашиш каби вазифаларни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Шу маънода бугунги глобаллашув жараёнида муҳим аҳамиятга эга бўлган китобхонликни кенг тарғиб қилиш ва ёшларимизнинг мутолаа маданиятини оширишга қаратилган ишларни янги босқичга олиб чиқиш масаласи олдимизда турган муҳим вазифалардан биридир.  

Мазкур ҳафталикнинг ўтказилиши кутубхонадан фойдаланувчиларни янги нашр қилинган ижтимоий-сиёсий, илмий-маърифий, ўқув ва бадиий адабиётлар билан яқиндан таништириш, кутубхонада кўрсатилаётган турли анъанавий ва интерфаол хизматлар ҳақида маълумот бериш ҳамда кутубхонада яратилган имкониятларни тарғиб этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.  

А.Бўриев, ЎзА мухбири