Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий аския ва қизиқчилик санъати учун янги давр
15:46 / 2023-07-21

Марғилон шаҳридаги Ижодкорлар боғида Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков иштирокида миллий аскиячилик ва қизиқчилик санъатини янада ривожлантиришга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Унда водий вилоятлари аския ва қизиқчилик санъати усталари, соҳа мутахассислари иштирок этди. Ўзига хос тантана ва сўз усталарининг ичакузди аскиялари билан бошланган учрашувда Президентимизнинг жорий йил 11 июлдаги “Республика миллий аския ва қизиқчилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори мазмун-моҳияти кун тартибидан ўрин олди. Аскиячилик ҳазил-мутойиба санъат тури сифатида 2014 йили ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилгани қайд этилди. Давлатимиз раҳбари эътиборлари билан мамлакатимизда миллий қадриятларимизни, шу жумладан, миллий аския ва қизиқчилик санъатини асраб-авайлаш, кенг тарғиб этиш ва келгуси авлод учун номоддий маданий мерос сифатида етказиш мақсадида олиб борилаётган ижобий ишлар ҳақида тўхталиб ўтилди.  

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, сўз устаси Мамасиддиқ Шераевнинг жонкуярлиги, таклиф ва ташаббуслари миллий аския ва қизиқчилик санъатини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди. Эндиликда ушбу санъат турини ҳам илмий асосларини яратиш, ўқув-қўлланмалар ишлаб чиқиш, “устоз-шогирд” анъаналарини ривожлантириш, истеъдодли ёшларни тарбиялаш, уларнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган чора-тадбирлар Президент қарори шарҳи бўйича тайёрланган репортаж орқали иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.  

Тадбирда Марғилон шаҳрида Маданият ва туризм вазирлиги тизимида давлат муассасаси шаклида Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги республика аския ва қизиқчилик санъати маркази ташкил этилгани маълум қилинди. Фарғона вилояти маданият ва туризм бошқармасида бўлим бошлиғи бўлиб фаолият олиб бораётган Шамсиддин Бабаджанов марказ директори вазифасини бажарувчи этиб таништирилди. Сўз устаси Мамасиддиқ Шераев бадиий раҳбар сифатида соҳа ривожига ҳисса қўшиши қайд этилди. Сўз санъати усталари, соҳа фидойилари миллий аския ва қизиқчилик санъатига оид махсус қарор ижросини таъминлашда бор иқтидор ва имкониятларини сафарбар этишларини таъкидлашди.  

 

М.Сулаймонов, ЎзА