Сирдарё вилоятинингШирин шаҳрида 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 34 йиллиги муносабати билан “Миллий армия – она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони” шиори остида тантанали байрам маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда шаҳар ҳокими Дилфуза Қамбарова, шаҳар прокурори Шерали Суюнов, Ички ишлар бошлиғи Абдурашид Бойқулов, жамоатчилик фаоллари, ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзолари иштирок этишди.


Шаҳар ҳокими Дилфуза Қамбарова байрам иштирокчиларига мурожаат қилиб, Ватан тинчлиги ва осуда ҳаётини таъминлаш йўлида жасорат, садоқат ва фидойилик билан хизмат қилаётган ҳар бир ҳарбийнинг меҳнатини алоҳида эътироф этди. Унинг сўзларига кўра, миллий армиямиз нафақат ҳарбий куч, балки ҳар бир оила ва жамият учун барқарорлик ва осойишталик кафолати ҳисобланади.


Тадбир давомида ҳарбий хизматчилар Ватан ҳимоясидаги намунали хизматлари учун тақдирланди. Шунингдек, уларнинг ота-оналари ҳам фидойи ва ватанпарвар фарзандларни тарбиялагани учун эътироф этилди, уларга чуқур миннатдорлик билдирилди ва эсдалик совғалари топширилди.

Шаҳар Маданият бўлими томонидан ташкил этилган концерт дастури эса байрамга қувонч ва кўтаринки руҳ бағишлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири