14 январь – Ватан ҳимоячилари куни
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 12 декабрдаги “Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг айрим таълим муассасалари ва автодромларни уларнинг асосий воситалари, ўқув ва моддий-техник базаси билан биргаликда оператив бошқариш ҳуқуқи асосида Мудофаа вазирлиги қабул қилиб олган эди.
Шу боис, 2019 йилдан вазирлик тизимидаги мудофаа ишлари бошқармалари ҳузурида Чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш марказлари ташкил этилиб, уларда миллий армиямиз учун энг зарур кадрлар, яъни чақирув ёшидаги йигитлар таълим олиши йўлга қўйилган.
Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги Нукус шаҳрида жойлашган ана шундай марказда ҳарбий-техник мутахассислиги, яъни “В” ва “С” тоифали ҳайдовчилар, “ўқчи-ошпазлар” ҳамда “дизелчи-электрик”ларни тайёрлаб келмоқда. 2019 йилдан бугунги кунга қадар Қуролли Кучлар сафига жами 648 нафар тайёр мутахассислар, шулардан, 274 нафар ҳайдовчи, 222 нафар ўқчи-ошпаз ҳамда 152 нафар дизелчи-электриклар тайёрланиб, уларнинг барчаси муддатли ҳарбий хизматга биринчилардан бўлиб чақирилган.
[gallery-21205]
Эътиборлиси, бу даргоҳда таълим олган ёшларнинг 50 нафардан зиёди армияни ўтаб, ҳарбий хизматда контракт бўйича қолган ҳамда олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишган кириш бахтига муяссар бўлган.
Марказда ёшларни маънавий-ахлоқий ҳамда ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларга дастлабки ҳарбий сабоқларни ўргатиш учун эндиликда иккита ўқув бинодан иборат 15 га яқин назарий машғулотлар хонаси, таълим йўналишлари бўйича амалий машғулотларни ўтказишга мўлжалланган ҳамда ўқитилаётган техникаларнинг ички механизмлари иш тартибини кўрсатувчи ўқув амалиёт биноси бунёд этилди.
Таъкидлаш жоизки, марказда таълим олаётган курсантларнинг озиқ-овқат, кийим-кечак ва маиший таъминоти давлат бюджети томонидан қопланади. Ҳар йили марказ 150 нафарга яқин ёшга таълим-тарбия бериб, касбга ўқитади ҳамда армия сафларига тайёрлаб беради. Таълим жараёнида ёшларга гуманитар-ижтимоий, техник ҳамда бошқа фанлар билан бир қаторда дастлабки ҳарбий тайёргарлик ҳам ўқитилади.
– Ҳарбий хизматга бўлган қизиқишим мени ушбу марказга етаклади, – дейди Амударё туманидан Диёрбек Ўразимбетов. – Икки ойдан буён “В” ва “С” тоифали ҳайдовчилар ҳарбий-техник мутахассислиги йўналишида таҳсил олмоқдаман. Марказда курсантлар учун барча шароитлар яратилган.
Мазкур таълим муассасасини тамомлаган курсантлар биринчилар қаторида таълим олган мутахассислиги бўйича муддатли ҳарбий хизматга саралаб олинади. Мунтазам ўтказилаётган мусобақа ва танловлар эса бўлинмаларда соғлом, рақобатбардош муҳитни таъминлаб, ёшларда етакчилик қобилиятининг шаклланишига ҳисса қўшмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА