Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий армиямиз Ўзбекистоннинг мустаҳкам қалқонидир
19:00 / 2023-01-14

Бугун Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганига 31 йил тўлди. Ўтган йиллар ичида ҳарбий соҳада олиб борилган тизимли ислоҳотлар натижасида мамлакатимизнинг ҳарбий салоҳияти янада юксалди.

Президентимиз Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган табригида таъкидланганидек, “Ҳеч шубҳасиз, мард ва олижаноб халқимиз ўзининг муқаддас қасамёдига ҳамиша содиқ бўлиб, хизмат бурчини ерда ҳам, кўкда ҳам шараф билан адо этаётган сизлар каби забардаст фарзандлари – баҳодир ва довюрак ҳарбийларимиз билан ҳақли равишда фахрланади...

...Бугунги кунда Ўзбекистон Қуролли Кучлари мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга қодир бўлган, ҳаракатчан ва пухта қуролланган қудратли кучга айланди, деб айтишга барча асосларимиз бор”.

Ушбу қутлуғ сана Навоий вилоятида ҳам “Миллий армиямиз янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам қалқонидир!” шиори остида кўтаринкилик билан нишонланмоқда.  

Байрам дастлаб барча корхона, ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш маросими билан бошланиб, тинчлик ва осойишталик йўлида жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасига эҳтиром кўрсатилди.  

[gallery-10282]

Байрам тантаналари вилоят Маънавият ва маърифат маркази фаоллар залида давом этди.

Тадбирда вилоят раҳбари Нормат Турсунов йиғилганларни Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 31 йиллиги байрами билан табриклади.

– Бугунги кунда юртимизда барча соҳаларда манзилли ислоҳотлар олиб борилмоқда-ки, бу халқимизнинг кечаги кундан бугун, эртага эса бугунги кундан кўра яхшироқ яшаши учундир, – дейди Н.Турсунов. –  “Халқ ва армия – бир тану бир жондир”, деган улуғ ғоя ҳаётга тадбиқ этилмоқда.

Байрам тадбирида Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганлигининг 31 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан тинч ва осудалигимиз барқарорлиги, Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлашда фидокорона хизмат қилаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлар ходимларига вилоят ҳокимининг “Фахрий ёрлиғи”, “Ташаккурнома” ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди.  

– Юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожланишига, тинчлиги ва осойишталигига ўз ҳиссамни қўшаётганимдан фахрланаман, – дейди вилоят Мудофаа бошқармаси сафарбарлик чақирув резерви бўлими бошлиғи Ўктам Сафаров. – Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар натижасида тизим моддий-техник базаси тубдан янгиланмоқда, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўлида қатор имтиёзлар берилмоқда. Энг муҳими, халқимизнинг Ватан ҳимоячиларига бўлган ишончи тобора ортиб бормоқда. Бу ишонч бизга Ватанимиз тинчлиги ва осмонимиз мусаффолигини кўз қорчиғидек асрашимиз учун куч-қувват бағишлайди.  

Байрам тантаналари Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида санъаткорлар томонидан ижро этилган Ватанни, она юртни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар, театрлаштирилган томошалар билан давом этди.  

Байрам тадбирлари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида, қишлоқ ва овулларида давом этмоқда.

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (фото), ЎзА