Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари ўтказилмоқда. Ана шундай маънавий-маърифий учрашувлар ёш авлод қалбида Миллий армиямиз билан фахрланиш туйғусини мустаҳкамлаш, уларни Ватанга садоқат ва фидойилик руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Шу мақсадда пойтахтимизда жойлашган Миллий гвардия ҳарбий қисмларидан бирида “Уч авлод учрашуви” ташкил этилди. Тадбир “Миллий армия — она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони” шиори остида ўтказилди.
Учрашувда гвардиячилар, Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги 161-cонли “Жасорат мактаби” ва Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабларнинг ўқувчи-ёшлари фахрийлар билан суҳбат қуришди.
Фахрийлар ёшларга сўнгги йилларда миллий армиямизда, ҳусусан Миллий гвардия бўлинмаларида олиб борилган ислоҳотлар ва ҳарбий таълим муассасалари фаолияти тўғрисида маълумотлар берди. Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ёш аскарлар ҳам мактаб битирувчиларига Ватанга хизмат қилишнинг шарафли томонлари хусусида гапириб берди.
Учрашув интерактив руҳда, савол жавобларга бой тарзда ўтди. Тадбир давомида ўқувчиларга ташкилотчилар томонидан “Ўзбекистон тарихи” ва “Темур тузуклари” китоблари тақдим этилди. Шунингдек, муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан меҳмонлар учун тайёрланган мусиқий чиқишлар ҳам ҳавола этилди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида фахрийлар ва ўқувчилар муддатли ҳарбий хизматчиларнинг қўл жанги кўргазмали чиқишларини томоша қилди. Шундан сўнг қурол-аслаҳалар кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда ўқувчилар қуролларни йиғиш ва сочиш машқларини бажариб кўришди. Шунингдек, психологик тренинг ва шахмат-шашка беллашувларида ҳам иштирок этиб, ҳарбий қисмда бир кунларини мазмунли ва мароқли ўтказишди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/4ZBnyloEFEw?si=RA0shoj5RwP8tT0w" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова,
У.Тўхтаев (монтаж),
ЎзА