Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ва 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни арафасида Жиззах вилояти шаҳар ва туманларида маънавий-маърифий руҳдаги тадбирлар кенг кўламда ўтказилмоқда. Ушбу тадбирлар ёшларда ватанпарварлик туйғуларини юксалтириш, миллий армиямизга нисбатан фахр ва ҳурматни мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятли.
Шундай тадбирлардан бири Мирзачўл туманидаги таълим муассасасида бўлиб ўтди. Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш бўйича ўринбосари, подполковник Авазбек Ибрагимов иштирокида ташкил этилган учрашув ёшлар учун мазмунли ва таъсирчан кечди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ташкил топиш тарихи, унинг мамлакат тинчлиги, барқарорлиги ва мустақиллигини таъминлашдаги ҳал қилувчи ўрни атрофлича ёритилди. Миллий армия — давлат суверенитетининг ишончли кафолати экани, унинг салоҳияти эса юрт тараққиёти билан чамбарчас боғлиқ экани таъкидланди.

Шунингдек, ҳарбий хизматчилар ва қутқарувчиларнинг фидокорона меҳнати, жасорати ҳамда осойишталикни таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ёшлар учун ҳақиқий ибрат экани қайд этилди.

Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилди, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясига ўқишга кириш тартиби ва имкониятлари тушунтирилди.

Тадбир якунида фаол ёшлар эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, қутқарувчилар томонидан махсус техника ва асбоб-анжомлар намойиш этилди, уларнинг амалий қўлланилиши юзасидан тушунчалар берилди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири