Жиззахда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Миллий армия — Она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони” шиори остида “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди.
“Ватанпарварлик ойлиги” доирасида Жиззах шаҳридаги 22-сонли ихтисослаштирилган мактабда ташкил этилган мазкур тадбирда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида узоқ йиллар самарали хизмат қилган фахрийлар, ёш ҳарбий хизматчилар ҳамда ўқувчи ёшлар иштирок этишди. Учрашувнинг асосий мақсади ёш авлодни Ватанга садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат, фидойилик ва ҳарбий хизматга масъулият руҳида тарбиялашдан иборат бўлди.

Тадбир ўқувчилар томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар билан бошланиб, очиқ мулоқот шаклида давом этди. Унда Ватан ҳимояси муқаддас бурч экани, ҳарбий хизматнинг шарафли мактаб экани, тинчлик ва барқарорликни сақлашда миллий армиянинг ўрни ҳақида атрофлича фикр алмашилди.

Учрашув давомида фахрийлар ўз ҳаёт йўллари, хизмат давомида орттирган тажрибалари, тинчликни сақлаш йўлидаги масъулиятли вазифалар ҳақида сўзлаб бердилар. Улар мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган давлат сиёсати, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамланган инсон қадрини улуғлаш тамойили, шунингдек, давлат раҳбарининг Қуролли Кучларни ҳар томонлама ривожлантириш, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган ташаббуслари амалий натижалар бераётганини таъкидлашди.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда миллий армиянинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, замонавий ҳарбий тайёргарлик тизими жорий этилмоқда. Бу эса ёшларда ҳарбий касбга бўлган қизиқишни ошириш, уларни жисмонан бақувват, маънан етук шахс сифатида камол топтиришга хизмат қилмоқда.
Бундай “Уч авлод учрашуви” каби маънавий тадбирлар ёшларда юртга садоқат, ватанпарварлик ва фидойилик туйғуларини мустаҳкамлаш, авлодлар ўртасидаги маънавий боғлиқликни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этиб, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида ишончли ва фаол авлодни тарбиялашга хизмат қилади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири