Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий армия – тинчлигимиз қалқони
14:14 / 2026-01-14

Қарши шаҳрининг марказий кўчалари бўйлаб Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўтказилган тантанали марш байрам тадбирларининг энг ёрқин саҳналарига айланди.

“Миллий армия – Она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони” шиори остида ташкил этилган мазкур парадда вилоятда фаолият юритаётган куч тузилмаларининг ҳарбий техникалари иштирок этиб, айниқса, ёшларда катта қизиқиш уйғотди.

Замонавий ҳарбий техника колонналари, жанговар машиналар ва махсус ускуналар шаҳар кўчалари бўйлаб ҳаракатланар экан, томошабинлар бу манзарани ҳаяжон билан кузатди. Кўплаб ёшлар телефонларига ушбу лаҳзаларни муҳрлаб, миллий армиямиз қудратига бўлган ифтихорини яширмади.

– Бугунги тадбир менда ва тенгдошларимда катта таассурот қолдирди, – дейди Қарши шаҳридаги Ахборот технологиялари университети 1-босқич талабаси Чарос Носирова. – Ҳарбий техникалар паради, қурол-яроғлар кўргазмаси ёшларда ватанпарварлик туйғуларини янада кучайтирди. Бундай тадбирлар бизни келажакка ишонч билан қарашга ундайди.

Тадбирда ҳарбий хизматчилар, кенг жамоатчилик вакиллари, фаол ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Шоҳ кўчаларда ташкил этилган замонавий қурол-аслаҳалар кўргазмаси ҳарбий соҳага қизиқувчи ёшлар билан гавжум бўлди.

[gallery-27102]

Соҳибқирон Амир Темур ва унинг навкарлари қиёфасини гавдалантирган театр жамоасининг чиқишлари, ҳарбий оркестр ижросидаги мардонавор куйлар, эстрада хонандаларининг ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлари байрамга янада кўтаринки кайфият бағишлади.

Шунингдек, тадбир доирасида вилоят мусиқали драма театрида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ҳам ташкил этилиб, унда ёшларнинг таклиф ҳамда ташаббуслари тингланди. Бу эса байрам тадбирларининг мазмун-моҳиятини янада бойитиб, ёшларнинг Ватанга садоқат, миллий армияга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари